Коррупция глобал муаммо бўлиб, унга алоҳида соҳалар кесимида курашиб натижага эришиб бўлмайди. Бундан ташқари фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки соҳани мувофиқлаштирувчи ташкилотнинг саъй-ҳаракатлари бу иллатни бартараф этиш учун етарли эмас. Шу боисдан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан бир қатор муассасалар билан яқин алоқалар ўрнатилиб, ҳамкорлик меморандумлари имзоланмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 27 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Агентлик ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олиниб, икки ташкилот раҳбарлари томонидан имзоланди.
Таъкидланганидек, Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилгани бюрократия, фуқароларнинг оворагарчилигига ва давлат хизматини кўрсатиш соҳаларидаги коррупция ҳолатларига сабаб бўлувчи кўплаб омилларни бартараф этмоқда. Шунга қарамай, соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар етарлича. Асосийси, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сони ва сифатини ошириш долзарб масала ҳисобланади.
Меморандум доирасида давлат хизматини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар орасида коррупцияга кўпроқ мойил бўлган йўналишларни аниқлаш ҳамда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўриш масаласи белгиланди. Бу борада ҳали-ҳамон фуқароларни сарсон қилувчи, ёки коррупция омилини келтириб чиқараётган хизматларни тўлиқлигича Давлат хизматлари агентлиги тизимига ўтказиш ҳамда инсон омилини чеклаш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Ўз навбатида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, мазкур ҳолатга олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўриш масаласи ҳам келишувдан ўрин олди. Бу борада хориж тажрибасини ўрганган ҳолда тизимга янгиликларни жорий этиш устувор мақсад сифатида белгиланди.
Томонлар ўзаро мулоқот жараёнида меморандумда кўзда тутилган вазифаларни ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этиш учун тегишли амалий ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олишди.