Жорий йилнинг 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамкорлигида ташкил этилган “Антикоррупция ҳафталиги” якунларига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
“9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” муносабати билан Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган Антикоррупция ҳафталиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти, Конрад Аденауэр жамғармаси хамда “Юнисеф” сингари қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Маросимда таъкидланганидек, давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва энг асосийси фуқароларни коррупцияга қарши курашишда бирлашишга чорлаш, аҳолида ушбу иллатга муросасизлик кайфиятини шакллантириш мақсадида республика бўйлаб 24 ноябрь — 9 декабрь кунлари ташкил этилган ҳафталик доирасида 20 дан ортиқ йирик тадбирлар, учрашувлар ташкил этилди. Уларда минг нафардан зиёд қатнашчилар, жумладан, 50 нафардан ортиқ халқаро экспертлар иштирок этди.
Антикоррупция ҳафталиги доирасида маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида “БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва унинг бажарилиш механизмларини кўриб чиқиш”, “Ҳалоллик вакцинаси”ни жорий этиш масалалари”, “Давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциянинг олдини олиш: муаммолар ва уларнинг ечимлари" мавзусидаги глобал анжуманлар ташкил этилди.
Ҳафталик давомида аҳолининг, айниқса ёшларнинг фикрини ўрганиш мақсадида Агентлик, “Юнисеф” халқаро ташкилоти кўмагида ёшлар орасида “U-report” платформаси орқали “Коррупция ҳақида нима дея оласиз?” мавзусида онлайн сўров ўтказди. Унда республиканинг барча ҳудудларидан 15 мингдан зиёд респондентлар иштирок этди. Шунингдек ёш авлод билан ишлаш, коррупцияга оид ҳолатлар бўйича ёшлар саводхонлигини ошириш мақсадида Самарқанд, Бухоро вилоятларининг чекка ҳудудларида, шунингдек Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларида ҳуқуқий саводхонлик ва коррупцияга нисбатан муросасизлик бўйича махсус дарслар ўтказилди.
Ҳафталик доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек давлат улушига эга тижорат банкларида “Очиқ эшиклар кунлари” ўтказилди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги, Кадастр агентлиги ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Бундан ташқари Коррупцияга қарши курашишда фуқаролар фаоллигини ошириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларига қоррупцияга қарши курашишга чорловчи 200 дан ортиқ ижтимоий реклама баннерлари марказий кўчалар, аҳоли гавжум масканларга жойлаштирилди.
Ушбу маросимда ҳафталик доирасида ташкил этилган “Коррупцияни биргаликда енгамиз!” танлови ғолибларини тақдирлаш жараёни ҳам бўлиб ўтди. Танлов жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратура ташаббуси билан ўтказилди. Танлов БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур танлов аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ушбу иллатга оид ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш йўлларини топиш, мазкур жараёнларга медиа соаҳаси вакиллари (ОАВ, блогерлар), нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчиликни жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Иштирокчилар “Энг яхши ижтимоий видеоролик”, “Энг яхши журналистик суриштирув”, “Энг яхши тасвирий асар ва график дизайн”, “Энг яхши иншо” каби асосий номинациялар ҳамда “Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги учун”, “Коррупцияга қарши энг фаол тарғибот олиб борган ОАВ”, “Энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти” каби махсус номинациялари бўйича ғолиблик учун кураш олиб бордилар.
Ушбу номинациялар бўйича танловга 17 500 нафардан ортиқ фуқаролардан ижодий ишлар келиб тушди. Мазкур ишлар ўз соҳасининг мутахассисларидан иборат махсус ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Тақдимотда сўзга чиққан халқаро ташкилот вакиллари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ташаббусларни эътироф этган ҳолда ушбу жараёнларга кенг жамоатчиликни, фуқаролик жамияти институти вакилларини жалб қилишда шу сингари танловларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлашди. Бундан ташқари бу йўналишдаги ҳамкорликдаги фаолиятни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдиришди. Шу боисдан мазкур ҳафталик ва танловни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш масаласи барча ташкилотчилар томонидан маъқулланди.
Танловда иштирок этганларнинг аксарияти ёшлар эканлиги, ижодий ишларда коррупцияга қарши курашиш ва унга нисабатан муросасизлик кайфиятини шакллантиришга қаратилган янги ғоялар мавжудлиги ҳакамлар хайъатининг эътирофига сазовор бўлди.
Номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар қуйидагилар:
“Энг яхши журналистик суриштирув учун”
1-ўрин - Қобил Хидиров, “Davletovuz” телеграм канали асосчиси;
2-ўрин - Жамшид Ниязов, Kun.uz мухбири;
3-ўрин - Анастасия Павленко, “Самаркандский вестник газетаси” мухбири.
“Энг яхши тасвирий асар ва график дизайн учун”
1-ўрин – Бобур Расулов, Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг тасвирий санъат ўқитувчиси;
2-ўрин – Жанибек Бекниязов, Нукус шаҳар 1-сонли мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси;
3-ўрин – Муслимбек Солиев, Камолиддин Беҳзод номидани Рассомлик ва дизайн институти талабаси.
“Энг яхши ижтимоий видеоролик учун”
1-ўрин – Нурмухаммед Жумагулов, Мустақил ижодкор;
2-ўрин – Ерполат Оракбаев, Қорақалпоқ давлат университети юридик факультети 4-курс талабаси;
3-ўрин – Жамолиддин Қаландаров, Қурилиш вазирлиги матбуот котиби.
“Энг яхши иншо”
(ОТМ талабалари ўртасида)
1-ўрин – Нилуфар Орипова, Жиззах давлат педагогика институти Ўзбек тили ва адабиёти факультети талабаси;
2-ўрин – Дилдора Имомова, Жиззах политехника университети Архитектура ва қурилиш факультети талабаси;
3-ўрин – Ёрқинжон Ҳайитбоев, Гулистон давлат университети филология факультети 1-курс талабаси.
“Энг яхши иншо”
(мактаб ўқувчилари ўртасида)
1-ўрин – Салтанат Темирхонова, Қорақалпоғистон Республикаси, Қанликўл тумани, 16-сонли мактаб, 11-синф ўқувчиси;
2-ўрин – Мохинур Ражабова, Хоразм вилояти, Хазорасп тумани,
45-сонли умумтаълим мактаби, 9-синф ўқувчиси;
3-ўрин – Барнохон Одилова, Андижон вилояти, Андижон тумани, 10-сонли ИДУМИ 11-синф ўқувчиси.
Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги учун
Отабек Бакиров – Блогер, bakiro телеграм канали асосчиси;
Зафарбек Солижонов – Блогер, Zafarbek Solijonov телеграм канали ва фейсбук профили эгаси;
Фотима Жўраева – Блогер, фейсбукда фаол юзер.
Коррупцияга қарши энг фаол тарғибот олиб борган ОАВ
“Gazeta.uz” таҳририяти;
“Mening yurtim” телеканали.
Энг фаол нодавлат нотижорат нотижорат ташкилоти
“Истиқболли авлод” ННТ.
Маросим якунида танлов ғолибларига халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилган қимматбаҳо совғалар топширилди.