Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда амалга оширилган ишлар якунларига бағишланган ҳамда келгуси йил учун асосий ғоя ва вазифаларни белгилаб берувчи Парламентга Мурожаатномаси кенг жамоатчилик, халқаро ҳамжамият ва фуқаролар томонидан қизғин кутиб олинди.
Таъкидланганидек, 2020 йил бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Коронавирус пандемияси ҳамда ҳудудларда юз берган табиий ва техноген офатлар эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.
Президентимиз ўз чиқишлари давомида кўплаб йўналишлар қаторида юртимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб бердилар.
Маълумот учун: Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилди. Мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Жумладан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш барчанинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши шартлиги билдирилди. Бу эса давлат ва жамият бошқаруви, ижро ҳокимиятининг барча бўғинлари, айниқса назорат органлари фаолиятини фақат ва фақат қонуний асосда олиб бориши, шаффофлик, очиқликнинг таъминлаш муҳимлигини, жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқатсизлик муҳитини яратиш кераклигини англатади.
Бугунги кунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 26 та вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши мувофиқлик “комплаенс-назорат” тизими жорий этилмоқда. Бунинг натижасида давлат органларида коррупцияга қарши курашувчи ички тузилмалар ташкил этилиб, муассаса ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини назорат қилиш, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш тизими яратилмоқда. Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашишда барчанинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Бунинг учун барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқарони сафарбар этиш зарурлиги билдирилди.
Мурожаатномада коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозимлигига эътибор қаратилди. Бу эса Президентимиз томонидан илгари сурилган “Коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтиш” ғоясининг узвий давоми ҳисобланади.
Маълумки, коррупцияга қарши курашишдаги энг самарали воситалардан бири очиқлик ва шаффофликдир. Бунда коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари, очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан, келгуси йилдан бошлаб давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилади.
Сўнгги вақтларда фуқаролар томонидан очиқ маълумотлар асосида олиб борилган ўрганишлар натижасида қатор давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятида молиявий хато ва камчиликлар, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланмоқда. Шу боисдан Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Эндиликда, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун керакли бўлган очиқ маълумотлар базасини такомиллаштириш устида иш олиб борилади.
Шунингдек, келгуси йилдан давлат хизматига кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизими, уларни коррупциянинг олдини олиш бўйича мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш йўлга қўйилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш соҳасида билдирилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда 2021 йил давлат дастури учун ўз таклифларини ишлаб чиқади ҳамда керакли чора-тадбирларни амалга оширади.