Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил якунлари ҳамда келгуси йил учун асосий ғоя ва вазифаларни белгилаб берувчи Парламентга ва халққа Мурожаатномаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Мурожаатномада кўплаб йўналишлар қаторида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу эса ушбу соҳа давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айлангани ва бу борадаги ислоҳотлар ортга қайтмаслигини яна бир намоён этгани эътироф этилди.
Мурожаатномада коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш барчанинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши шартлиги билдирилди. Бу эса давлат ва жамият бошқаруви, ижро ҳокимиятининг барча бўғинлари, айниқса назорат органлари ўз фаолиятини фақат ва фақат қонуний асосда олиб бориши, шаффофлик, очиқликни таъминлаш муҳимлиги, жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқатсизлик муҳитини яратиш кераклигини англатади.
Бундан ташқари, давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашишда барчанинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Бунинг учун барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқарони сафарбар этиш зарурлиги билдирилди. Ушбу вазифа агентлик фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мурожаатномада коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозимлигига эътибор қаратилди. Бу эса “Коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтиш” ғоясининг узвий давоми ҳисобланади.
2020 йил декабрь ойида агентлик томонидан ўтказилган “Антикоррупция ҳафталиги” тадбирлари доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги таълим муассасаларида Коррупцияга қарши курашиш мавзусида дарслар ташкил этилди. Зеро, ўқувчилик давриданоқ коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини шакллантириш бошланса, ушбу иллатнинг барвақт олдини олишга эришиш мумкин бўлади.
Маълумки, коррупцияга қарши курашишдаги энг самарали воситалардан бири – бу очиқлик ва шаффофликдир. Бунда коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари очиқ ва ошкора бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан, келгуси йилдан бошлаб давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Сўнгги пайтларда фуқаролар очиқ эълон қилинаётган давлат харидларига оид маълумотлардан фойдаланиб, ўринли масалаларни кўтараётгани ушбу масалада жамоатчилик назоратининг ўрни нақадар муҳимлигини ҳам кўрсатиб бермоқда.
Шунингдек, ушбу ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу эса, шубҳасиз маҳаллий ҳокимликлар томонидан тор доиралар манфаатини кўзлаб қабул қилинувчи қарорлар қабул қилинишининг олдини олишга хизмат қилади.
Очиқ маълумотлар асосида олиб борилган ўрганишлар натижасида қатор давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятида молиявий хато ва камчиликлар, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланмоқда. Шу боисдан Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Эндиликда, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун керакли бўлган очиқ маълумотлар базасини такомиллаштириш устида иш олиб борилади.
Шунингдек, давлат хизматига кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизими, уларни коррупциянинг олдини олиш бўйича мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилади.
Йиғилиш якунида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш соҳасида билдирилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда 2021 йил давлат дастури учун таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда зарур амалий тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди.