Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўплаб тадбиркорлар ва фуқаролар, шунингдек ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU) устав фондининг 57,118 фоизга тенг давлат улуши сотувга қўйилиши жараёнлари амалдаги қонунчилик ва тартибларга зид равишда ўтказилаётганлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мурожаатларни ўрганиш жараёнида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги ва коррупция хатари мавжудлиги таҳлил қилинди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 16 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида Ўзбекистонда алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU)нинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотувга қўйилиши эълон қилинган.
Эълонда тендерда иштирокчиларни саралаш ва ғолибни танлаш жараёнида бир нечта мезонлар қўлланилиши баён қилинган.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини сотиш бўйича ўтказилаётган тендер шартларига киритилган бир қатор талаблар савдоларда қатнаша оладиган шахслар доирасини кескин кисқартиришга ҳамда қатор коррупцион омилларни келтириб чиқаришга шароит яратади.
Агентлик фикрича, ушбу мезонлар ўта юқори ва асослантирилмаган талаблар ҳисобланади ва савдоларда иштирок этиши мумкин бўлган эҳтимолий иштирокчилар сонини сунъий чеклашга олиб келади.
Эҳтимолий иштирокчилар сонини кескин чеклаш тендер шартларини бажара олувчи кам сонли иштирокчилар ўртасида ҳақиқий рақобат бўлмаслигига ва натижада давлат улушига паст нарх таклиф этилишига ҳамда бунинг оқибатида Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига сезиларли даражада зарар етказилишига олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тегишли идораларга қуйидаги чораларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан тақдимнома киритилди:
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати