Жорий йилнинг 27 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Европа фирибгарликка қарши курашиш Бюроси (OLAF) ходимлари ўртасида 3 томонлама онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари У.Тухташева очиб бериб, учрашувдан кутилаётган аниқ мақсадлар ва вазифаларга тўхталиб ўтди. Ўз ўрнида OLAF Мувофиқлаштириш ва коммуникациялар тармоғи раҳбари О.Саллес икки томонлама алоқалар ўрнатиш ва мулоқотни йўлга қўйиш таклифи учун Агентликка миннатдорчилик билдирди, сўнг OLAF ходимлари томонидан ташкилот фаолияти юзасидан батафсил ахборот берилди.
Шу билан бир қаторда, учрашувда томонлар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ва фирибгарлик ҳолатларини аниқлашда самарали механизмларни жорий этиш юзасидан фикр ва тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Тадбир давомида, OLAF вакиллари Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида, шунингдек, Ўзбекистонда мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари юзасидан маълумотга эга бўлдилар.
Учрашув якунида томонлар OLAF фаолиятига доир идоравий ҳужжатлар, шу жумладан маъмурий суриштирув институти юзасидан услубий қўлланмалар Агентликка тақдим этилиши ҳамда коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш мавзуларида онлайн ўқув курсларини ташкиллаштириш юзасидан муҳокамалар олиб боришга келишиб олдилар.