Жорий йилнинг 2 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгаш аъзоларининг ўтган 3 ой давомида бажарган ишлари сарҳисоби, кенгаш фаолиятини янада жонлантириш, фаол бўлмаган аъзоларни фаоликка чақириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти иштирок этди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан агентлик директори Акмал Бурханов, - Жамоатчилик Кенгашнинг асосий вазифаси этиб, Агентликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, улар билан алоқада “кўприк” ролини бажариши белгиланганини таъкидлади. Аммо ўтган чоракда кенгаш фаолияти кўпроқ ташкилий ишлар билан чекланганини қайд этди.
Йиғилишда кенгаш аъзоларининг 1-чорак давомида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди. Ҳисоботда таъкидланганидек, кенгаш аъзолари ўтган вақт давомида Кенгаш иш режасини тасдиқлади, кенгаш аъзолари томонидан Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси лойиҳаларига таклифлар берилди. Мавзу юзасидан босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил этилди. Бир қатор давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилди.
Тадбирда кенгашнинг фаолият йўналишини янада яхшилаш, ишни самарали ташкил этиш бўйича ҳам фикрлар тингланди.
Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Президентнинг жорий йил 3 мартда имзоланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда, Кенгаш аъзолигига бир қатор аъзолар, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари қабул қилинди.