Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-189-сонли қарорида халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган миллий автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, республика ҳудудларини боғловчи автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш ва йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, йўловчи ва юкларни халқаро, транзит ва республика миқёсида ташиш самарадорлигини ошириш белгиланган. Ушбу мақсадда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан «Миллий автомобиль йўлларини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш учун 273,8 млн АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари 4 йиллик имтиёзли давр билан 24 йил муддатга ажратилган.
Шундан, 183,8 млн АҚШ доллари —«Дарбанд — Бойсун — Элбаён» автомобиль йўлининг 5 — 70 км ва «Мангузар — Жарқўрғон — Бандихон — Олтинсой — Денов» автомобиль йўлининг 128 — 174 км қисмларини реконструкция қилиш» лойиҳасини («Сурхондарё» лойиҳаси) амалга оширишга;
90 млн АҚШ доллари —«Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» автомобиль йўлининг 228 — 315 км (87 км) қисмини реконструкция қилиш» лойиҳасини («Бухоро» лойиҳаси) якунлашга йўналтирилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасида «Миллий автомобиль йўлларини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича имзоланган қарз битимига асосан, «Сурхондарё» лойиҳаси бўйича Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган умумий қиймати 227,3 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг техник иқтисодий асосига кўра лойиҳа доирасида ОТБнинг улуши 183,8 млн АҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг улуши 43,5 млн АҚШ доллари, шу жумладан республика бюджети ҳисобидан қўшилган қиймат солиғини қоплаш учун ажратилган ҳамда божхона божларидан озод этиш кўринишида 25,6 млн АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 6 йил (2022 — 2027 йиллар).
«Бухоро» лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 сентябрдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокида «Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» автомобиль йўлининг 228 — 315 км (87 км) қисмини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2583-сон қарори билан лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси тасдиқланган. «Ўзбекистон Республикасининг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида»ги ПҚ-72-сон қарори билан эса лойиҳани якунлаш муддати 2023 йил этиб белгиланган.
Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузурида «Миллий автомобиль йўлларини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи ташкил этилган.
Қарорга биноан «Миллий автомобиль йўлларини ривожлантириш» лойиҳасининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, ОТБнинг қарз маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан масъул ижро этувчи орган этиб Автомобиль йўллари қўмитаси белгиланган.
Қарорга биноан қарз маблағларини сўндириш, шунингдек, фоиз, қарз бўйича комиссия ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан назоратни олиб боради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати