Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 2-йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Тадбирда сенаторлар, Миллий кенгаш аъзолари — мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида Миллий кенгаш ва унинг ишчи органи ҳисобланган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сўнгги уч ой давомида бажарган ишлари, соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти, коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашда уни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этиш – энг самарали чора ҳисобланади. Шу боисдан ўтган вақт давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги, “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги ва дастлабки муҳокамаларга тақдим этилганлиги ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, соҳалар ва йўналишлар кесимида “яширин иқтисодиёт ва комплаенс назорат” тизимини жорий этиш бўйича Ҳисоб палатаси билан биргаликда 26 та вазирлик ва идораларда 2020-2021 йилларда яширин иқтисодиёт ва “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилганлиги ва тадбиқ этишга киришилганлиги қайд этилди.
Тадбир давомида, шунингдек соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар таҳлил қилинди.
Ўрганишлар натижасига кўра, давлат харидлари соҳасида коррупцион хавф-хатарлар кенг учрамоқда, турли коррупцион жиноятларни содир этиш учун шарт-шароит ва сабаблар тўла-тўкис бартараф қилинмагани ҳақида ахборот берилди.
Бунда айниқса, давлат харидлари соҳасини ҳуқуқий тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги айрим бўшлиқлар, давлат органлари иш фаолиятида очиқлик ва шаффофликнинг лозим даражада эмаслиги, рақобат муҳитини ва жамоатчилик назоратини чекловчи бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги таъкидланди.
Мисол учун, 2018-2019 йиллар ва 2020 йилнинг 5 ойи давомида 278 та ташкилот томонидан 100,3 млрд сўмлик битимлар электрон дўкон орқали тузилиб, чекланган миқдордан ортиқча харидлар амалга оширилган. Шунингдек, айтиб ўтилган давр мобайнида 8255 та ташкилот томонидан 176 млрд сўмлик битимлар электрон дўкон орқали давлат харидини амалга ошириш учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги чекловдан ортиқча харидлар амалга оширилган. 2018-2019 йиллар давомида 10 та бюджет ташкилотлари томонидан 5,2 млрд сўмлик харидлар танловдан қочиб, аукцион шаклида амалга оширилган.
Бундан ташқари, Давлат харидлари соҳасидаги 30 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги камчиликлар ва коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш мақсадида таҳлиллар ўтказилиб, ҳуқуқ қўллаш соҳасида доимий мониторинг тизими йўлга қўйилганлиги маълум қилинди.
Шу муносабат билан, Молия вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилаётганига эътибор қаратилди.
Мажлисда Агентлик ва Ҳисоб палатаси томонидан давлат бюджети маблағларининг самарали сарфланиши, жумладан давлат харидлари соҳасидаги қонунбузарликларни аниқлаш мақсадида Қашқадарё вилояти мисолида ўрганишлар ўтказилгани таъкидланди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, давлат харидларини амалга оширишда бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдоларини четлаб ўтиш, шунингдек давлат харидлари талабларига зид равишда, тендер савдоларини ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар орқали товарлар қиммат нархларда харид қилиниши ва ортиқча маблағлар сарфланганлиги, Вазирлар Маҳкамаси томонидан рухсат этилмаган (лимит ажратилмаган) ташкилотларга, белгиланган меъёрдан ортиқча ва Молия вазирлиги билан келишилмаган ҳолда енгил автомашиналар харид қилинганлиги каби бир қатор тизимли қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Ушбу таҳлиллар натижалари умумлаштирилиб, ҳудудларда давлат харидлари соҳасида қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу чора-тадбирларни барча вилоятларга жорий этиш режалаштирилмоқда.
Яна бир “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси соғлиқни сақлаш тизимида ҳам жорий этилмоқда. Тадбирда масъуллар томонидан ушбу йўналишдаги амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппаратида КРМG (Италия) халқаро аудиторлик-консалтинг компанияси экспертлари кўмагида коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизимини босқичма-босқич жорий этиш ишлари бошланган.
Жумладан, вазирлик тизимида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Аммо афсуски, вазирлик томонидан юқорида санаб ўтилган чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлишига қарамай, “Йўл харитаси”да белгиланган топшириқларнинг ижроси суст даражада олиб борилгани қайд этилди.
Бу борада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича 1 ноябрь ҳолатига ҳисоботлари таҳлил қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Йўл хариталари”да тасдиқланган жами 20 та вазифадан ижро муддати 1 ноябргача белгиланган 10 та вазифаларнинг ижроси таъминланмаган ёки белгиланган вазифалар қониқарсиз даражада бажарилгани маълум бўлди.
Шунингдек, Агентлик томонидан октябрь ойида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари мисолида соғлиқни сақлаш йўналишида бюджет маблағлари, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича 38 та муассасасини қамраб олинган ҳолатда ўрганишлар амалга оширилди.
Ўрганишлар давомида вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан
9 млрд. сўмдан ошиқ дори воситаларига муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, қарийб 15 млрд. сўмга яқин, яъни 5 млрд. сўмдан ошиқ нархларда давлат харидлари амалга оширилган. Вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан бюджет ва жамғарма маблағларидан фойдаланишда 1,384 млрд сўм талон-торожлик ва суиистеъмолчиликлар содир қилинганлиги каби қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганига эътибор қаратилди.
Агентлик томонидан ўрганиш натижасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тўпланган материаллар қонунга мувофиқ чора кўриш учун Бош прокуратурага тақдим этилгани таъкидланди.
Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича йўл харитаси лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. Лойиҳада коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари рўйхатини шакллантиш, хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро ташкилотларининг вакилларига пора берганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш, коррупция ҳолатлари тўғрисида аноним хабар йўллаш ва уларни кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шунингдек, Жиноят кодексига мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш, Халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган қарзлар ва молиявий ёрдамлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини шакллантириш масалалари ҳам ўрин олган.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашишда Миллий кенгаш ва ҳар бир идоранинг фаоллигини ошириш бўйича бир қатор муҳим йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш ва унинг лойиҳасини кенг жамоатчилик, фуқаролар ўртасида оммавий муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини мажбурий равишда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини жорий қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.
9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишлаб ташкил этилаётган Антикоррупция ҳафталиги доирасидаги ҳар бир тадбирда аҳолимизнинг фаол иштирокини таъминлаш масаласи устувор бўлиши кераклиги таъкидланди
Кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли қарор қабул қилинди.