Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат идораларида ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда. Ушбу ишларга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз фаолиятини йўлга қўйишда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлик ва очиқ мулоқотни йўлга қўйишни режалаштирган.
Ушбу ҳамкорликдан мақсад — Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш соҳасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш, соҳани такомиллаштириш юзасидан жамоатчиликнинг фикр ва мулоҳазаларини, шунингдек фуқароларнинг асосли таклифларини ўрганиш ва муҳокама қилиш, фуқароларда коррупцияга муросасиз муносабатни шакиллантиришдан иборат.
Шу муносабат билан, бугун Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик Палатаси депутатлари ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган 10дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари билан маслаҳат учрашуви ўтказилди.
Учрашувда юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакиллари билан биргаликда самарали фаолиятни йўлга қўйиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон электрон ОАВ ассоциасияси раиси Фирдавс Абдухаликов коррупцияга қарши курашда Агентлик билан ҳамкорлик таклифини берди ва коррупцияга қарши курашда телеканаллар орқали мунтазам мавзуга оид кўрсатув ва ток-шоулар ташкил этиш замон талаби эканини билдирди.
Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вакили Агентлик ўз фаолиятини очиқлик асосида олиб бориши тадбиркорлар учун далда бўлишини айтиб айниқса ҳорижлик инвесторлар ишончи ортишига олиб келишини билдирди.
Учрашув қизғин муҳокамаларга остида ўтди. Якунда, Агентлик ҳузурида Жамоатчилик кенгаши тузиш таклифи барча иштирокчилар томонидан маъқулланди. Жамоатчилик кенгашида соҳада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар, ОАВ ва кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган коррупция ҳолатлари билан боғлиқ вазиятлар доимий муҳокама қилиб борилади.
Маслаҳат учрашуви якунида Жамоатчилик кенгашини тузиш ва унинг таркибини шакллантириш бўйича махсус комиссия аъзолари тасдиқланди. Коммиссия томонидан Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши таркибини шакллантириш тартиби тез кунда эълон қилинади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати