Бугун Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари ўртасида онлайн учрашув ўтказилди.
Унда ҳар икки давлат Агентлик раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этишди. Мулоқот давомида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Акмал Бурханов Ўзбекистонда янги ташкил этилган Агентлик фаолияти, бугунги кундаги долзарб вазифалар, амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.
Ўз навбатида, Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Алик Шпекбаев Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, ушбу йўналишда янги тузилма ташкил этилганини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, идоралар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув давомида қозоғистонлик ҳамкасблар томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Мулоқот якунларига кўра, икки давлат Агентликлари ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш ва унинг доирасида қатор йўналишлар бўйича тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.