Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, уни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, коррупцияга қарши курашиш ва давлат хизматини ривожлантириш учун масъул бўлган алоҳида агентликлар ташкил этилди. Давлат органларида “комплаенс-назорат”, “ҳаллолик вакцинаси” ва бошқа коррупцияга қарши стандартлар босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, давлат хизматчилари томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, манфаатлар тўқнашувини юзага келтириш, порахўрлик ва бошқа коррупциоген жиноятларни содир этиш ҳолатлари учрамоқда. Шунингдек, давлат хизматчилари (ёки унинг яқин қариндошлари)нинг коррупция билан боғлиқ бўлмаган, бироқ давлат хизмати обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлари ҳам аниқланиб, кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ва соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қонунчиликка қатор янги механизм ва нормаларни киритиш таклиф этилди.
Жумладан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ишларини якунлаш ва уни қисқа муддатда Парламентга киритиш белгиланди. Мазкур қонун билан “совға” тушунчасига аниқлик киритилиб, давлат хизматчилари томонидан совға олиш ва бериш тартибини белгиловчи “Совға сиёсати” деб номланган алоҳида боб билан тўлдирилади.
Бундан ташқари, давлат органларида коррупция ҳолатлари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида қонун билан тартибга солинадиган Давлат хизматчиларининг одоб-аҳлоқ кодекси ишлаб чиқилади ва унда давлат хизматчилари учун чекловларнинг аниқ рўйхати белгиланади.
Яна бир муҳим ўзгариш — Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган фуқаронинг ҳимояси кафолатланиб, унинг шахси сир сақланиши тўғрисидаги норма билан тўлдирилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати