Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарор Қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришни кўзда тутади.
Қарорда “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона (4 та туман, 57 та маҳаллага 32 млн$.), Андижон (5 та туман, 72 та маҳаллага 37 млн.$), Наманган (5 та туман, 132 та маҳаллага 66 млн. $), Сирдарё (3 та туман, 17 та маҳаллага 9 млн. $) ва Жиззах (4 та туман, 28 та маҳаллага 20 млн. $) вилоятларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишдан нисбатан ортда қолаётган 21 та туманининг инфратузилмаси, коммунал соҳаси, ижтимоий объектлар ҳолатини 5 йил давомида тубдан янгилаш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа учун Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг жами 182 миллион АҚШ доллари миқдоридаги (30 йил муддатга берилган) қарз маблағлари ва Ўзбекистон Республикасининг 1,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига эса мазкур лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатиш вазифаси юклатилди.
Агентлик Мазкур вазифани ўз вақтида ва самарали бажарилиши учун тегишли чораларни кўради.