Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Антикоррупция ҳафталиги” доирасида туркум халқаро семинарлар, мунозаралар, конференциялар, ҳамкорлик келишувларини имзолаш сингари тадбирлар ташкил этилмоқда. Эътиборлиси, “9 декабрь – Коррупцияга қарши кураш куни” муносабати билан ўтказилаётган ҳафталик доирасида иштирокчилар сифатида хорижий экспертлар, давлат ташкилотлари масъуллари, фуқаролик жамияти вакиллари билан биргаликда ёш авлодни ҳам қамраб олиш кўзда тутилган.
Жумладан, Агентлик, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида республиканинг барча ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида ҳуқуқий саводхонлик ва коррупцияга нисбатан муросасизлик бўйича махсус дарслар ташкил этилмоқда.
Жумладан, 1-4 декабрь кунлари давомида Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарлари, ҳамда Қўшработ, Избоскан туманларидаги таълим муассасаларида ташкил этилган очиқ дарсларда Агентлик масъул ходимлари ҳам бевосита иштирок этди.
Ўқувчи ёшлар билан очиқ ва дўстона ташкил этилган дарсларда ҳалоллик, бошқалар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, қонун-қоидаларга амал қилиш, коррупция иллатининг салбий оқибатлари каби мавзуларда маълумотлар берилди.
Эътиборлиси, дарслар интерактив усулларда ташкил этилиб, мавзу юзасидан ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазалари, муносабатлари ҳам тингланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур дарслар ўтилиш жараёнида олинган фикрлар, мулоҳазалар, хулосалар асосида барча таълим ва тарбия муассасаларининг ўқув дастурларига хорижий ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда коррупцияга қарши курашиш махсус курсларини киритиш масалалари бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирган.
Бундан ташқари жамиятда коррупцияни келтириб чиқарувчи хавф-хатарлар асосида, ўқув материалларини тайёрлаш учун ягона методологик талабларни ишлаб чиқиш ҳамда таълим ва тарбия муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни амалга ошириш учун ягона ўқув қўлланма яратиш режалаштирилмоқда.
Мазкур дарслар ўқувчи ёшларнинг мавзуга бўлган муносабати бу борада Агентлик ва ҳамкорлар учун юқоридаги вазифаларни тўғри ташкил этиш учун тегишли йўналишларни белгилашга кўмак беради.