2020 йилнинг 9 ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупция ҳолатлари юзасидан 454 та жиноят ишлари бўйича 647 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Шулардан 34 нафарини тижорат банклари раҳбар ходимлари ташкил этади.
Мазкур рақамнинг ўзиёқ банклар фаолиятида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш нақадар долзарб масала эканлигидан далолат бермоқда.
Албатта, бу борада Агентлик ва банкларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан Агентлик томонидан ташкил этилаётган “Очиқ эшиклар кунлари” тадбири доирасида “Ўзбекистон саноат – қурилиш банки” акциядорлик тижорат банки билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган мазкур ҳужжатда банк тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича “комплеанс-назорат” тизимини намунали даражада амалга ошириш, мижоз ва банк муносабатларида инсон омилини камайтириш орқали коррупцияни бартараф этиш, тизим ходимларининг коррупцияга қарши билим-кўникмаларини ошириш ва улар учун одоб-аҳлоқ қоидаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш назарда тутилмоқда.
Мазкур ҳамкорликнинг ўрнатилиши коррупцияга қарши муносабатда ҳар икки томоннинг ҳам позияцияси якдил эканлигини намоён этди. Бу эса белгиланган вазифаларни самарали амалга оширилишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.