Коррупцияга қарши курашишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, амалга оширилаётган ислоҳотлардан фуқароларни тўлиқ хабардор қилиш энг муҳим омиллар ҳисобланади.
Шу боисдан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Антикоррупция ҳафталиги” доирасида 9 та вазирлик ва идораларда “Очиқ эшиклар кунлари” ўтказилди.
Тадбир давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги, жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, мазкур идораларда коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида ташкил этилди.
Эътиборлиси, Агентликнинг мазкур ташаббусини кўплаб ташкилотлар қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, Товар-хом ашё биржаси каби ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий тузилмалари шулар жумласидандир.
Мазкур тадбирларга кенг аҳолини жалб қилиш мақсадида Агентлик ва юқоридаги ташкилотлар томонидан оммавий ахборот воситалари орқали эълонлар берилди. Натижада жорий йилнинг 3-4 декабрь куни бўлиб ўтган тадбирларда беш юзга яқин фуқаролар иштирок этиш истагини билдирди.
Тадбирлар давомида иштирокчилар дастлаб ташкилотлар фаолият йўналишлари, улар томонидан бажарилаётган ишлар билан батафсил таништирилдилар.
Бундан ташқари, кўпчиликни эътибор марказидаги масала яъни коррупцияга қарши курашиш ва соҳада яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги учрашувда таъкидланганидек, парламент ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф ҳолда олиб бормоқда. Қонунчилик палатасида коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус қўмита ташкил этилди. Палата мажлислари ва фракция йиғилишларини тўғридан-тўғри трансляция қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бўш иш ўринларига ходимларни ишга қабул қилиш ҳам танловлар асосида ташкил этилмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида “Олий таълим “Коррупциясиз соҳа” мавзусида ташкил этилган очиқ эшиклар куни тадбирида талабалар учун коррупция ҳолатлари билан тўқнашганлиги бўйича хабар қилиш имкониятини берувчи “Теlegram BOT” ҳуқуқий канали тест режимида Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетларида фаолияти йўлга қўйилганлиги таъкидланди. Ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш, олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш келгусидаги вазифалар сифатида белгилангани қайд этилди.
Халқ таълими вазирлигида ўтказилган “Очиқ эшиклар кунлари” да вазирлик қошида Назорат-ҳуқуқий хизматнинг ташкил қилинганлиги ва унинг асосий вазифалари сифатида тизимдаги муассасаларда ички назоратни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилиши, шунингдек, вазирлик тизими ходимлари томонидан касбга оид одоб-аҳлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш белгилангани эътироф этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги тадбирда тиббиёт тизимида коррупциянинг келиб чиқиши сабаблари, унга имконият яратиб берувчи омилларни бартараф қилиш бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар ҳамда бу бўйича назорат мониторингни янада кучайтириш усуллари акс эттирилган тақдимтот ташкил этилди.
Таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонида 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат («комплаенс-назорат») тизимини босқичма-босқич жорий этиш масаласи Агентлик ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юклатилган.
Ҳозирда 26 та вазирлик ва идораларда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши мувофиқлик (“комплаенс-назорат”) тизимини жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда. Уларда ички тизимда коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи ва тегишли вазифаларни амалга оширувчи, тўғридан-тўғри раҳбарга бўйсунувчи махсус бўлинмалар ташкил этилмоқда ва масъул ходимлар бириктирилмоқда.
Мазкур давлат идораларида “комплаенс-назорат” тизимининг ўз вақтида ва сифатли жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Тадбирлар давомида журналист, блогер ҳамда фуқаролар мазкур масалалар юзасидан давлат органлари раҳбарларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Бундан ташқари тадбирлар давомида бир қатор муассаса ва идоралар билан Агентлик ўртасида коррупцияга қарши курашишда келгусидаги фаолиятнинг асосий йўналишларини белгиловчи ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.