Жорий йилнинг 8 декабрь куни Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан, қатор маҳаллий ва халқаро ташкилотлар кўмагида "Ошкоралик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик иштирокини ошириш орқали ҳалоллик сари" номли онлайн форматдаги халқаро конференция ташкил этилди.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни арафасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур тадбирда Қозоғистон коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Алик Шпекбаев таклифига биноан мамлакатимиз Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ҳам иштирок этди ва конференция иштирокчиларига табрик йўллади.
Агентлик директор ўз нутқида Коррупцияга қарши курашишда минтақавий ва ҳалқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини, шу каби тадбирлар бундан кейинги фаолият учун умумий йўналишлар ва долзарб вазифаларни белгилашга кўмак беришини таъкидлади. Бундан ташқари, А.Бурханов Агентлик фаолияти ва функциялари, бугунги кундаги коррупцияга қарши мамлакат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида ҳам маълумот берди. Тадбирда шунингдек, Мўғулистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари, Хитой Халқ Республикаси Давлат назорат комиссияси бошлиғининг ўринбосари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қозоғистондаги тузилмалари раҳбарлари ва бошқа бир қатор халқаро экспертлар иштирок этди.