Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ю-Репорт платформаси билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида сўров ўтказди. Мақсад — аҳолининг, хусусан, ёш авлод вакилларининг коррупцияга бўлган муносабатини ўрганиш. Сўров натижаларидан коррупциянинг олдини олиш ва унинг барча даражаларини бартараф этишнинг ташкилий ишларини яхшилашда фойдаланилади.
Маълумот учун: «Ю-Репорт» бу — сўровномаларга ёшларни кенгроқ жалб қилиш мақсадида ишга туширилган инновацион рақамли платформа. У ёшларга реал вақт режимидаги сўровларда қатнашиш, шу билан бирга, мамлакат ижтимой ҳаётида иштирок этиш орқали ўзларининг ҳаёти ва келажаги учун муҳим бўлган масалаларда фикр билдиришларига имкон беради.
Ўтказилган сўровда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан 15507 нафар респондент иштирок этди. Уларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (36 %) олий ўқув юртлари талабалари ва илмий тадқиқотчилари. 12 фоизи давлат хизматчилари, 11 фоизи таълим соҳасида ишлайдиганлар, 9 фоизи мактаб ўқувчилари, 7 фоизи тадбиркорлар, 6 фоизи ҳеч қаерда ўқимайдиган ва ишламайдиган ёшлар қатлами ва бошқа. Респондентларнинг 30 фоизи хотин-қизлардир.
Сўров давомида иштирокчилардан «коррупция» деганда нимани тушунишлари сўралди. Уларнинг ярмидан кўпи (53 %) коррупция — пора бериш ва олишдан тортиб, ўғирлик ва ваколатни суиистеъмол қилишга қадар бўлган барча ҳаракатларни ўз ичига олишини қайд этишган. Шуниси эътиборлики, респондентларнинг 34 фоизи пора бериш — коррупция эмас, деб ҳисоблашар экан. 13 фоиз респондентнинг фикрига кўра, коррупцияни фақат пора бериш юзага келтиради.
«Коррупцияда ким кўпроқ айбдор?» деган саволга «ю-репортёрлар»нинг 70 фоизи порани ҳам берувчи, ҳам олувчи, деб жавоб берди. Бу фикрнинг тарафдорлари кўпроқ аёллар бўлди (76 %). Эркаклар эса пора олувчи кўпроқ айбдор деб ҳисоблайди (19%).
Сўров натижаларига кўра, коррупциянинг энг асосий Топ-5 та сабаби шаклланди. Респондентларнинг фикрига кўра, асосий сабабларга: иш ҳақи миқдорининг пастлиги (22%), мансабдор шахсларнинг даромадлари ва харажатлари устидан назоратнинг йўқлиги (15%), ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги (12%), давлат хизматчиларининг амалпарастлиги (11%), коррупция учун жазо муқаррар эмаслиги (10%). Сўров иштирокчиларининг атиги беш фоизи бу саволни менталитет билан боғлашган.
«Бошқа» вариантини танлаган респондентларнинг беш фоизи самарасиз давлат бошқаруви, эскирган ҳужжатбозлик тизими, ишламайдиган қонунлар ва номукаммал меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, иқтисодиётнинг яхши ривожланмаганлиги, монополиянинг мавжудлиги ва бошқаларни сабаб қилиб келтиришган.
Респондентларнинг жавоблари таҳлили шуни кўрсатдики, сўнгги икки йил ичида улар қуйидаги соҳаларда коррупцияга дуч келишган: таълим (21%), соғлиқни сақлаш (14%), бандлик (12%), прокуратура ва ички ишлар органлари (10%). Респондентларнинг 18 фоизи сўнгги икки йил ичида коррупция ҳолатларига дуч келмаганликларини таъкидлаган (эркакларга нисбатан кўпроқ аёллар). Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида нисбатан камроқ (26%га яқин). Қизиғи шундаки, респондентлар савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида коррупцияга деярли дуч келмаган.
Бандлик (ишга жойлашиш) соҳаси кесимида коррупция ҳолатлари таҳлил қилинганда, сўровда қатнашган аксарият тадбиркорлар (18%) прокуратура ва ички ишлар органларида, соғлиқни сақлаш тизимида эса ушбу соҳа ходимларининг ўзлари (19%) коррупция ҳолатларига дуч келганлиги маълум бўлди. Ишга жойлашишда коррупцияга асосан, соғлиқни сақлаш ходимлари (15%), таълим тизими ходимлари, абитуриентлар, талабалар, ҳеч қаерда ўқимайдиган ёки ишламайдиганлар (13%) дуч келишган.
Шу билан бирга, респондентларнинг 65 фоизи прокуратура ёки ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Уларнинг 40 фоизи бу бефойда деб ҳисоблайди, 13 фоизи қасос олишларидан қўрқади ва 12 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан бўладиган расмиятчиликлардан қочишади. Сўров иштирокчиларининг 4 фоизигина прокуратура ва ички ишлар органларига мурожаат қилишган.
Респондентларнинг 41 фоизи коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар беришга тайёр эмас: уларнинг 26 фоизи бунга шубҳа билан қарашади. Коррупция тўғрисида аноним равишда хабар беришга тайёр бўлганлар орасида давлат хизматчилари, олий ўқув юртлари талабалари, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кўпроқ, яъни қарийб 36 фоиз.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар беришга тайёр бўлганларнинг энг кўпи Сирдарё вилоятида — 28 фоиз, энг ками — Тошкент ва Наманган вилоятида. Пойтахтда респондентларнинг 40 фоизи коррупция тўғрисида маълумот беришга рози, аммо анонимлик асосида. Бунга ишонмайдиганларнинг аксарияти ва бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди, деб ўйлайдиганлар асосан, Aндижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида — респондентларнинг деярли 30 фоизи.
«Агар сиз коррупцияга гувоҳ бўлсангиз, бу ҳақда қаерга хабар берасиз?» деган саволга респондентларнинг 28 фоизи «Коррупцияга қарши курашиш агентлигига», 18 фоизи «прокуратура ва ички ишлар органларига», 12 фоизи «блогерларга», 11 фоизи «ҳеч кимга» деган жавобни танлашган. Баъзилар бу ҳақда ОАВларга хабар беришини (7%) ёки ижтимоий тармоқларда ёзишларини билдиришган (6%).
Сўралганларнинг учдан икки қисми коррупцияга қарши чоралар тўғрисида жуда кам маълумотга эга. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш ходимлари коррупцияга қарши чора-тадбирлар тўғрисида энг кам маълумотга эга экани маълум бўлди, яъни уларнинг 44 фоизи «Йўқ» деган жавобни белгилашган. Кўрилаётган чоралар тўғрисида энг кўп маълумотга эга бўлганлар бу — давлат хизматчилари (47%).
Респондентларнинг деярли учдан бир қисми (35%) мавжуд тизим пора ва танишлар орқали муаммоларни ҳал қилишга мажбур қилади, деб ҳисоблайди. 44 фоизи эса барча ишларни қонун доирасида ҳал қилган яхши, деган фикрни тасдиқлайди.
Коррупцияни камайтириш учун, биринчи навбатда, нима қилиш кераклиги ҳақидаги саволга ижтимоий сўровда қатнашганларнинг 18 фоизи «иш ҳақини ошириш керак», деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 14 фоизи тизимни ўзгартиришни ва жазони кучайтиришни таклиф қилмоқда. Сўралганларнинг 12 фоизига кўра, бюджет харажатларида шаффофлик зарур.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани ҳақида кўпроқ хабардор бўлган ва унинг фаолиятини мунтазам кузатиб бораётган ҳудудлар: Жиззах, Наманган ва Бухоро вилоятлари — қарийб 28 фоиз. Шу билан бирга, респондентларнинг 62 фоизи Aгентликнинг ташкил этилганлиги ҳақида билишади, лекин нима билан шуғулланишини билишмайди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича янги орган тузилганлиги тўғрисида Тошкент шаҳри ҳудуди энг кам хабардор (уларнинг бешдан бири бу ҳақда биринчи марта эшитаётганлигини билдиришган).
Эслатиб ўтамиз, агар сиз коррупция ҳолатига гувоҳ бўлсангиз, у ёки бу хизматлар учун ноқонуний равишда сиздан пул талаб қилинса, у ҳолда прокуратуранинг 1007 «Ишонч рақами»га хабар беринг. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция фактлари тўғрисида веб-сайт яратиш ва хабар бериш учун ариза қолдириш имконини берувчи илова устида иш олиб бормоқда.