Жорий йилнинг 14 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ўртасидаги ҳамкорлик юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Агентлик директори Акмал Бурханов, ваколатхона раҳбари Ронни Хайне ва ҳар икки ташкилот масъул ходимлари иштирок этди.
Томонлар меморандум доирасида ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишди. Шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик меъёрлари, узоқ муддатли дастурлар ва стратегиялар ишлаб чиқишда германиялик экспертларни жалб қилиш, жамоатчилик назорати ҳамда мониторингини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашишда аҳолида муросасизлик кайфиятини шакллантириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ваколатхона раҳбари Ронни Хайне имзоланган меморандум орқали ҳамкорлик алоқалари яна бир поғона кўтарилаётганидан мамнунлигини билдирди. Жамғарма мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда олиб борилаётган ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Айниқса, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус Агентлик ташкил этилгани бу борадаги ислоҳотларнинг қатъий эканлигини намоён этганига эътибор қаратди. Коррупцияга қарши курашишда самарадорликка Германия ҳам босқичма-босқич етиб келганини таъкидлаб, бу борадаги мамлакат тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди.
Имзоланган меморандум доирасида ҳар бир вазифани ҳаётга самарали татбиқ этиш бўйича аниқ механизмларини белгилаган ҳолда қўшма Дастур ишлаб чиқишга келишиб олинди.