Қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва норма ижодкорлиги соҳасида амалга оширилган ишлар
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши қарорига мувофиқ бугунги кунда соғлиқни сақлаш ҳамда давлат харидлари тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти раислигида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ўз фаолиятини юритмоқда.
Ўтган вақт давомида давлат харидлари соҳасидаги коррупцион муаммоларни бартараф этиш ва “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини жорий этиш мақсадида “йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, соҳани ҳуқуқий тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги айрим бўшлиқларни бартараф қилиш мақсадида давлат харидлари соҳасидаги 30 дан ортиқ камчиликлар ва коррупцион хавф-хатарларни аниқлашга қаратилган таҳлиллар ўтказилиб, ҳуқуқни қўллаш соҳасида доимий мониторинг тизими йўлга қўйилди.
Таҳлиллар асосида Молия вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва лойиҳа айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича Президент Администрациясига таклифлар киритилди.
Шу билан бирга, давлат харидлари тартиб таомилларини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидлари соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини умумлаштириш, назария ва амалиётни ўзаро боғлаш мақсадида бу соҳада изланишлар олиб бораётган 40 дан ошиқ изланувчиларнинг ва экспертларнинг аниқ рўйхати тузилди, 7 та илмий тадқиқот муассасалари ва тадқиқотчилар билан тўғридан-тўғри алоқа йўлга қўйилди, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзаро фикр алмашинувини ва “ақлий ҳужум”лар ташкил қилиш мақсадида илмий конференциялар ташкил қилиш, социологик тадқиқот ва сўровлар ташкил қилиш, изланувчиларнинг илмий-амалий асосланган таклифларини амалиётга тадбиқ этишга кўмаклашилмоқда.
Давлат харидлари соҳасида ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, коррупцион жиноятларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароит ва сабабларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий судидан 2019-2020 йиллар давомида коррупцион жиноятлар билан боғлиқ 2200 та суд ҳукмлари олиниб, улардан 122 та суд ҳукми саралаб олиниб, бугунги кунда ҳар бир ҳолат мутахассислар томонидан таҳлил қилинмоқда.
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан юборилган мурожаатларни ўрганиш натижалари
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2020 йилнинг ноябрь ойи давомида жами 209 та мурожаат келиб тушган. Улар мазмунига кўра:
Аҳоли томонидан келиб тушган барча мурожаатлар масъуллар томонидан чуқур ўрганилиб, коррупцион ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Жумладан, фуқаро Т.Днинг “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан 12 850 000 АҚШ доллари миқдоридаги ускуналар харидини амалга ошириш бўйича ўтказилган тендер жараёнлари юзасидан тақдим этган аризаси ўрганилди. Ўрганиш давомида тендер ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида” Қонунининг 63-, 64-моддаларида белгиланган талаблари тендер комиссияси томонидан бузилганлиги аниқланди. Шу муносабат билан, “Ўзкимёсаноат” АЖ, Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасига коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Яна бир ҳолат — фуқаро Х.Мнинг аризасини ўрганиш давомида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Хоразм филиали бошлиғи А.М. томонидан содир этилган Меҳнат кодексининг 79-моддаси талаблари бузилганлиги, яъни ўз ўғли ва укасини ишга қабул қилиб, ойлик иш ҳақлари тўлаб келаётганлиги аниқланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, коррупцион ҳолатларини масофавий мониторинг қилиш бўйича ҳам ишлар олиб борилди. Жумладан, 2020 йил 17 ноябрь куни “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банкнинг бош амалиёт бошқармаси томонидан ижрочини тўғридан-тўғри танлаш усулида “Stittgart Auto Servis” МЧЖ билан 9-сонли шартнома тузилиб, “Stittgart Auto Servis” МЧЖдан транспорт воситаларини таъмирлаш билан боғлиқ 300 млн сўмлик иш ва хизматларни харид қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарорининг 3-банди талаблари бузилганлиги аниқланди. Банкнинг бош амалиёт бошқармаси ва “Stittgart Auto Servis” МЧЖ ўртасидаги 9-сонли шартнома ва унга иловалар давлат харидлари порталига жойлаштирилмаганлиги сабабли коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Агентлик мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор М.Ш. мурожаати бўйича Қорақапоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Мактабгача таълим бўлими мансабдор шахслари томонидан давлат харидларини амалга оширишда қонун нормаларига риоя қилиниши, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича ўрганишлар ўтказилди ва ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига сўров юборилди.
Натижада Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан Қорақапоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Мактабгача таълим бўлими ҳузурида тузилган танлов комиссиясининг 24.09.2020 йилги 3-сонли мажлиси баёнига асосан танлов ғолибини аниқлаш бўйича комиссия қарори Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуни талабларига зид равишда қабул қилинганлиги аниқланиб, мазкур мажлис баёнини бекор қилиш ҳақида протест киритилди.
Ўрганишлар якунида Элликқалъа тумани мактабгача таълим бўлими масъул шахслари томонидан офис мебеллари харид қилишда қонунчилик талабларига риоя қилинмаганлиги учун харид бўйича тузилган шартномалар бекор қилиниб, қарийб 1,6 млрд сўм бюджет маблағлари асоссиз сарфланишининг олди олинди.
Шу билан бирга, давлат харидлари соҳасида қонун талаблари ижросини таъминламасдан, зиммасига юклатилган хизмат вазифаларини лозим даражада бажармай хизмат интизомини бузиб келган Элликқалъа тумани Мактабгача таълим бўлими вакиллари Д.Б., М.Ҳ., М.Н., Ў.С. ва Х.А.ларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
Ҳисобот даври давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда давлат харидлари соҳасидаги қонунбузарликларни аниқлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида ўрганишлар ўтказди.
Ўрганишларда қуйидаги ҳолатлар аниқланди.
Бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдоларини четлаб ўтиш мақсадида 2 533 та ҳолатда 9,4 млрд сўмлик битимлар ҳажми бир неча қисмларга бўлиниб, электрон дўкон орқали харид қилинган.
Қонун талабларига зид равишда 90 та ҳолатда 9,9 млрд.сўмлик шартномалар ҳеч қандай асоссиз тўғридан-тўғри тузилган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан рухсат этилмаган (лимит ажратилмаган) ташкилотларга, белгиланган меъёрдан ортиқча ва Молия вазирлиги билан келишилмаган ҳолда 1,2 млрд сўмлик 11 та енгил автомашиналар харид қилинган.
Шахрисабз туман Мактабгача таълим бўлими томонидан 1 та ҳолатда 490,4 млн сўмлик болалар матраси, кўрпаси, ёстиқ, чойшаблар тўплами амалдаги қонунчиликка зид равишда тўғридан - тўғри харид қилинган. Натижада харид қилинган товарлар электрон аукцион савдолари орқали тузилган шартномалар билан солиштирилганда, 125,7 млн сўмга қиммат сотиб олинганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли маълумотлар тақдим этилган.
Халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаолият
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ноябрь ойи давомида қатор тадбир ва амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган 10 дан зиёд мулоқот ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Улар доирасида Германия, Жанубий Корея, Малайзия каби давлатларнинг тажрибаси ўрганилди.
Шунингдек, Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Тараққиёт дастури ва БМТ ГЖБ раҳбарлари билан онлайн учрашув ўтказиб, келгуси ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ёшларнинг коррупцияга бўлган муносабатини ўрганди. БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ёшлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан сўров ўтказилди. Онлайн сўровномада “U-report” платформаси орқали 15 мингдан зиёд респондентлар иштирок этди. Тадқиқот натижалари ОАВ орқали эълон қилинди.
Шу билан биргаликда ноябрь ойи давомида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида “БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва унинг бажарилиш механизмларини кўриб чиқиш”, “Ҳалоллик вакцинаси”ни жорий этиш масалалари”, “Давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияни олдини олиш: муаммолар ва уларнинг ечимлари" мавзусида глобал анжуманлар ташкил этилди.