Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Г.Б. Нукус давлат педагогика институти факультетларидан бирида 2020/2021 ўқув йили учун касбий (ижодий) имтиҳон орқали ўқишга қабул қилиш бўйича имтиҳон натижаларининг расмийлаштирилишидан норози бўлиб Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилган.
Фуқаро ўз мурожаатида Нукус давлат педагогика институтидаги факультет қабул комиссияси масъул ходимлари томонидан касбий (ижодий) имтиҳон орқали ўқишга қабул қилиш жараёнларида айрим абитуриентларга тўплаган балларига қўшимча баллар ёзилгани ҳамда имтиҳон натижаларини эълон қилишда белгиланган тартибга риоя этилмаганлигини келтириб ўтган.
Агентлик томонидан мурожаатда кўрсатиб ўтилган ҳолатларда коррупция ва манфаатлар тўқнашуви аломатлари мавжуд бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, ҳолат юзасидан холис ва тўлақонли ўрганишлар ўтказилиши учун тўпланган ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига юборилди.
Прокуратура томонидан олиб борилган терговга қадар текширув давомида Нукус давлат педагогика институти факультетларидан бирига 2020/2021 ўқув йили учун касбий (ижодий) имтиҳон орқали ўқишга қабул қилиш жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг буйруғи билан бириктирилган комиссия раиси ва аъзолари томонидан расмий ҳужжат ҳисобланадиган имтиҳон ўтказиш қайдномаларига сохталаштириш йўли билан ёлғон маълумотлар киритилганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши материаллари терговга тегишлилиги бўйича ички ишлар органларига юборилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳолат юзасидан келгусида қўшимча ахборот тақдим этилади.