Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси томонидан 2020 йилда ўтказилган айрим тендер савдоларининг Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонун ости ҳужжатларга мувофиқлигини ўрганди.
Хусусан, Xopaзм вилояти ҳокимининг 2020 йил 21 февралдаги 65-қ сон қарори билан тендер комиссия таркиби тасдиқланган бўлиб, комиссия раиси сифатида Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Қурбанов, комиссия раиси ўринбосари сифатида Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси директори Қ.Рахимовлар белгиланган.
Вилоят ҳокимлиги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси томонидан 7018648-сонли лот орқали ўтказилган бошланғич нархи 20 млрд. 380 млн. 686 минг сўм бўлган “Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” объекти бўйича “BUNYODKOR” МЧЖ, “URGANCH QURILISH BETON” МЧЖ ва “IRDIMZON QURILISH” хусусий корхонаси томонидан оферталар тақдим қилинган.
Мазкур лот рақами бўйича ўтказилган тендер натижалари бўйича 2020 йил 23 июнь кунги 4/131-сонли баённомага кўра, “BUNYODKOR” МЧЖ 20 млрд. 180 млн. 686 минг 966 сўм таклиф қилган ҳолда тендер ғолиби бўлиб, 2020 йил 25 июнь кунги ПМ №1-2020 тартиб рақамли пудрат шартномасига асосан, мазкур МЧЖ томонидан перинатал марказни реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу лот бўйича ўтказилган тендер ҳужжатлари ўрганилганда, 2020 йил 11 июнь ва 2020 йил 23 июнь кунлари ўтказилган тендер савдо йиғилишларида, комиссия раиси (Б.Қурбанов) ва унинг ўринбосари (Қ.Рахимов) аслида иштирок этмаган бўлсада, мазкур йиғилиш баённомаларини имзолаб тасдиқлаганлар.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида “BUNYODKOR” МЧЖнинг таъсисчиси Улуғбек Шарипович Қурбанов Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари, тендер комиссияси раиси Бахром Шарипович Қурбановнинг яқин қариндоши, яъни туғишган укаси эканлиги маълум бўлди.
Бу ҳолат эса Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги 472-сонли Қонунининг 5-, 19-, 39- моддаларида белгиланган талабларга зиддир.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 11 июндаги 144-ф сон фармойишига кўра соғлиқни сақлаш объектларини фойдаланишга қабул қилиш ҳудудий давлат комиссияси таркибида Б.Ш.Қурбанов ҳудудий давлат қабул ҳайъати раиси сифатида белгиланган.
Келгусида, Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунлангач, мазкур объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнида, турли қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида мазкур объектни қабул қилишда Б.Ш.Қурбановни давлат қабул ҳайъати раиси сифатида фаолият юритиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Юқорида қайд қилинган қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Қурбанов, Хоразм вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси директори Қ.Рахимов ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Хоразм вилояти ҳокимлигига коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Шунингдек, Хоразм вилояти прокуратураси иш юритувидаги вилоят ҳокимлиги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси билан қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши тергови жараёнида вилоят ҳокими ўринбосари Б.Қурбанов, Хоразм вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси директори Қ.Рахимов ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини тергов йўли билан текшириб, қонуний баҳо бериш ва тергов натижалари тўғрисида Агентликка ахборот бериш юзасидан Хоразм вилояти прокуратурасига сўровнома юборилди.
Ҳолат юзасидан келгусида қўшимча ахборот тақдим этилади.