Жорий йилнинг 22 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ва Финландия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маря Лиивала ҳамда ушбу давлат Адлия вазири маслаҳатчиси Марина Веналайнен билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон ва Финландия вакиллари ўртасида ўз мамлакатларидаги коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида фикр алмашилди. Шунингдек, фаолият йўналишлари, муаммолар, амалга оширилаётган ва режалаштирилган вазифалар тўғрисида ўртоқлашилди.
Коррупцияга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учрашувнинг асосий мавзусига айланди.
Жумладан, коррупцияга қарши курашишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини шакллантириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Финландия Республикасида Коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланган Адлия вазирлиги вакили Ўзбекистон давлат хизматчилари учун коррупциянинг олдини олиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ҳамда шу асосда вебинар, семинарлар, ўтказишга тайёр эканликларини маълум қилишди.
Маълумот учун: Финландияда коррупцияга қарши курашувчи алоҳида тузилма мавжуд эмас, бу соҳани мувофиқлаштирувчи орган Адлия вазирлиги ҳисобланади. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш фаолиятига бир нечта вазирлик ва идоралар масъулдир.
Мазкур тузилмалар Аксилкоррупция ҳамкорлик тармоғига бирлашган ва уларнинг асосий вазифаси Финландияда коррупция элементларининг паст даражада туришини таъминлаш ҳисобланади.
Мазкур тармоқ Адлия, Молия, Ташқи ишлар вазирликлари, Финландия полицияси, Молиявий разведка гуруҳи, Миллий суриштирув бюроси, Миллий тергов бюроси, Финландия истеъмолчилар ҳуқуқлари ва рақобат масалалари бошқармаси, Парламент омбудсмани ва Канцлердан ташкил топган.
Финландия Transparency International халқаро ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича 180 мамлакат орасида 3-ўринда туради.