Жорий йилнинг 28 январь куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган Миллий маслаҳатлашув йиғилиши” ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Олий Мажлис палаталари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, мамлакат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ушбу ислоҳотлар натижаси халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Transparency International коррупцияга қарши курашиш халқаро нодавлат ташкилоти Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2020 йил рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон ўз ўрнини 7 поғонага яхшилаб, 180 та давлат орасида 146-ўринни эгаллади (2019 йилда 153 ўрин).
Президент Шавкат Мирзиеёвнинг Конституция қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида олдимизда турган бешта энг муҳим вазифалардан бири сифатида тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб борилаётгани қайд этилди.
Бундан ташқари, 2020 йил 29 декабрдаги парламентга Мурожаатномада кўплаб йўналишлар қаторида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу эса ушбу соҳа давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айлангани ва бу борадаги ислоҳотлар ортга қайтмаслигини яна бир бор намоён этди.
Шунингдек, Мурожаатномада коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш барчанинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши шартлиги билдирилди. Давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашишда барчанинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Бунинг учун барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқарони сафарбар этиш зарурлиги билдирилди.
Юқоридаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан соҳалар ва йўналишларнинг чуқур таҳлили, аҳоли ва кенг жамоатчилик фикр мулоҳазалари, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянинг дастлабки лойиҳаси тайёрланди.
Мазкур лойиҳани маромига етказиш, ҳар бир бандидаги вазифаларнинг ҳаётийлигини таъминлаш мақсадида бир қатор Миллий ва халқаро маслаҳатлашувлар ташкил этиш режалаштирилган.
Бугун Тошкент шаҳрида ана шундай учрашувларнинг биринчиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Миллий стратегия келгуси беш йилликдаги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги асосий устувор вазифаларни белгилаб берувчи, бу борадаги ҳаракатларни бирлаштирувчи ва мувофиқлаштирувчи ҳужжат ҳисобланади.
Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда Грузия, Қозоғистон, Эстония, Малайзия, Индонезия, Италия, Буюк Британия каби хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилди.
Мазкур давлатларда ушбу турдаги ҳужжатларнинг қабул қилиниши коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда ижобий натижа берганлиги ҳамда мамлакатнинг ички ва ташқи обрўсини кўтаришга хизмат қилган.
Миллий стратегия лойиҳасида мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги жорий ҳолати, камчиликлар, давлат сиёсатининг келгусидаги асосий йўналишлари акс эттирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу вазифаларни бажарилишини мониторинг қилиш ва молиялаштириш механизмини белгилаш ҳамда амалга оширилган ишлардан кутилаётган натижалар ўрин олиши режалаштирилган.
Қизғин баҳс-мунозаралар ва таклифларга бой ўтган йиғилишда ҳар бир иштирокчи ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, давлат хизмати тизимининг норматив асосларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, даромадларни декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, давлат харидларининг самарали ҳуқуқий механизмларини яратиш, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ фаолиятининг чинакам эркинлигига эришиш бўйича тегишли таклифлар билдирилди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклифлар асосида Миллий стратегиянинг дастлабки лойиҳаси такомиллаштириладиган бўлди.