Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан телеграм ижтимоий тармоғидаги Қашқадарё вилоятида футбол майдони қурилиши бўйича танлов натижаларидан норозилик бўйича пост ўрганилмоқда.
Постда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан замонавий жиҳозланган кичик футбол майдони қурилиши бўйича ўтказилган танловда “BILLUR-VERSAL QURILISH SERVIS LTD” МЧЖ энг паст нарх таклиф этган бўлсада, бошқа қурилиш ташкилоти томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги тўғрисида баён қилиниб, ҳолатни ўрганиш ва қонуний чора кўриш сўралган.
Шунга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг 2 март куни замонавий жиҳозланган кичик футбол майдони қурилиши бўйича ўтказилган танлов ҳужжатларини Агентликка тақдим этиш бўйича сўров юборилди.
Бундан ташқари Фейбук ижтимоий тармоғидаги Дехқонобод тумани “Чашмуро” қишлоғида истқомат қилувчи Асадов Сайулланинг мурожаати акс этган видеохабар ҳам ўрганилмоқда.
Мурожаатда туман Халқ таълими тизимида маблағлар талон тарож қилингани, тумандаги кам таъминланганлар учун ажратилган пуллар кам таъминланган оилаларга берилмагани ва бошқа масалалар баён этилган.
Ушбу масалалар бўйича ҳам барча маълумотларни ўрганиб чиқилмоқда.
Ўрганишлар якунлари бўйича маълумотлар тақдим этилади.