Жорий йилнинг 16 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгашининг Агентлик хисоботини эшитишга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда агентлик директори Акмал Бурханов жамоатчилик кенгаши аъзолари, оммавий ахборот воситаларига Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти юзасидан ахборот берди.
Ахборотда қуйидаги масалаларга тўхталиб ўтилди.
Қонун ижодкорлиги фаолияти
2020 йил ҳамда 2021 йилнинг I чораги давомида Агентлик томонидан 7 та норматив-ҳуқуқий хужжат лойиҳалари, жумладан 4 та қонун ҳамда 2 та Президент қарори, 1 та Президент фармони лойиҳалари тайёрланди.
Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлаш
2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси лойиҳасини тайёрлаш учун ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар томонидан хорижий тажриба, миллий қонунчилик ҳамда таҳлиллар асосида стратегиянинг дастлабки лойиҳаси тайёрланди.
Давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, академик доира вакиллари иштирокида Миллий маслаҳатлашувлар ташкил этилди:
Муҳокамаларда 400 га яқин фаоллар, экспертлар қамраб олинди. Улар томонидан 150 дан ортиқ таклифлар билдирилди. Ҳар бир иштирокчи томонидан билдирилган таклифлар асосида стратегия лойиҳаси янада такомиллаштирилди.
“Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш юзасидан
- Давлат харидлари ва соғлиқни сақлаш соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди.
Давлат харидлари соҳасида лойиҳани амалга оширишда 10 дан ортиқ янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устида ишланма ва тадқиқотлар олиб борилди. Маълумот учун: Хусусан, Молия вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Молия вазирлигининг Ўқув марказида давлат бошқарув органлари ва уларнинг тизимдаги ходимлар ҳамда хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар ҳамда бошқа ташкилотлар ходимлари учун малака ошириш курслари ташкил қилинган. Ҳозирги кунга қадар 1021 нафар ходим малака ошириш курсларига жалб этилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида Агентлик ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар бир тиббиёт муассасаси кириш жойларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган 12 минг дона эслатма ҳамда 12 минг дона тарғибот ташвиқот материаллари тайёрланиб, тизимдаги барча тиббиёт муассасаларидаги аҳолининг танишиб чиқиши қулай бўлган кириш жойларига жойлаштирилди. Маълумот учун: Шу билан бирга коррупция холатлари бўйича фуқароларнинг шикояти учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига республика телекоммуникациялар тармоғи рақамлаш режасидан “1203” қисқа рақами бириктирилди.
Агентлик томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан хамкорликда Андижон, Бухоро, Самарқанд вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ўрганишлар ўтказилди.
- Тижорат банкларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини жорий этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг чора-тадбирлар режаси ва таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
- Наманган вилояти Давлатобод туманида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини жорий этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг чора-тадбирлар режаси ва таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Яширин иқтисодиёт ҳамда коррупцияга қарши «комплаенс- назорат» тизимини жорий этиш борасида
Агентлик томонидан Ҳисоб палатаси билан биргаликда яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш юзасидан 26 та вазирлик ва идораларда «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланган. Ҳозирда «Йўл хариталари» ижроси доимий назорат қилиб келинмоқда.
Маълумот учун: Режа-жадвалга асосан, Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Молия, Транспорт, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш бўйича «йўл хариталари»да белгиланган вазифалар ижроси жойига чиқиб ўрганилди.
Бугунги кунда, 5 та вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат»)ни жорий этиш борасидаги ишлар якунланиб, “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритган.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6098-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2021-2022 йиллар давомида ташкилий тузилмасида коррупцияга қарши мувофиқлик ва яширин иқтисодиётни қисқартириш тизимларини жорий қилиш зарур бўлган 56 та (2021 йилда 32 та, 2022 йилда 24 та) вазирликлар, вилоят ҳокимликлари, идоралар ҳамда давлат улушига эга корхона ва тижорат банклари рўйхати тасдиқланди.
Давлат харидлари ва бошқа соҳада ўтказилган ўрганишлар юзасидан
Давлат харидлари ва бошқа соҳаларда ўтказилган ўрганишлар (Қашқадарё, Самарқанд, Андижон, Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятлари, шунингдек, ҳуқуқ тартибот идоралари, Уй-жой коммунал хўжалиги, сув хўжалиги, қурилиш ва энергетика соҳаларида) натижалари бўйича жами 90,5 млрд. сўмлик 2.808 та ҳолатларда молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.
Юқоридаги ўрганиш натижалари бўйича вазирлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган, идора ва ташкилотларга 13 та тақдимнома киритилиб, 25 та сўровнома ва 3 та огоҳлантирувлар юборилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан
- 2380 та мурожаат келиб тушган;
- 909 таси бевосита Агентлик ходимлари томонидан кўриб чиқилган;
- 1471 таси тааллуқлилиги бўйича юборилган;
- 52 таси аноним деб топилган;
- 156 таси бўйича мурожаатда кўрсатилган важлар ижобий ҳал этилган.
Ўрганиш натижалари бўйича кўрилган чоралар юзасидан
Агентлик томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил натижалари бўйича вазирлик ва идораларга 51 та тақдимнома киритилиб, 170 та сўровнома ва 7 та огоҳлантирувлар юборилган.
Агентликнинг сўровномалари бўйича прокуратура органлари томонидан жами 21 та (2020 й. 4 та, 2021 й. 17 та) жиноят ишлари қўзғатилган.
Ички ишлар фаолиятини ўрганиш
Агентлик томонидан ҳудудий ҳуқуқ тартибот идоралари (шу жумладан, Ички ишлар вазирлигининг қуйи тизимларида) коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 февраль куни ИИВ ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида ҳуқуқ тартибот идоралари ва уларнинг қуйи тизимларида коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш Агентликка юкалатилган.
Ўрганиш якунлари бўйича соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритилди.
Ҳамкорлик келишувлари тўғрисида
Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, бу борада олдимизда қўйилган мақсадларга эришиш учун барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши лозим бўлади. Шу мақсадда агентлик томонидан бир қатор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорлик келишувлари ва меморандумлари имзоланди.
Маълумот учун: Олий суд, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Кадастр агентлиги, Давлат хизматлари агентлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Тошкент давлат юридик университети, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар юзасидан
Агентликнинг ҳар ойлик фаолияти расмий веб-сайтда бериб борилмоқда.
Агентлик томонидан ҳафта давомида амалга оширилган фоаолиятни кенг аҳолига етказиш мақсадида “Ҳафталик дайджест” тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилди ҳамда агентлик веб-сайтида дайджестлар учун алоҳида рукн ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида агентлик томонидан 6 маротаба матбуот анжуманлари ташкил этилди. Унда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим масалалаларга тўхталиб ўтилди.
Агентлик ҳузурида “Журналист ва блогерлар” клуби ва Жамоатчилик кенгашини ташкил этилди.
Антикоррупция ҳафталиги
2020 йилнинг 24 ноябрь — 9 декабрь кунлари давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва энг асосийси фуқароларимизни ушбу салбий иллатга қарши курашишда бирлашишга чорлаш, аҳолида коррупцияга муросасизлик кайфиятини шакллантириш мақсадида “9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” муносабати билан республика бўйлаб кенг кўламли Антикоррупция ҳафталиги ўтказилди.
Маълумот учун: Ҳафталик давомида 21 000 дан ортиқ иштирокчи қамраб олинган 13 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Тадбирларга 60 та вазирлик ва идора, 35 нафар хорижий эксперт ва 20 та нодавлат нотижорат ташкилотлари жалб этилди.Антикоррупция ҳафталиги доирасида 20 дан ортиқ йирик тадбирлар, учрашувлар ташкил этилиб, уларда минглаб иштирокчилар қатнашди.
Шунингдек ҳафталик доирасида ёшлар иштирокида сўровнома, вазирлик ва идораларда очиқ эшиклар кунлари ташкил этилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида “Коррупцияни биргаликда енгамиз!” танлови ҳам ўтказилди.
Халқаро йўналишда
Бугунги кунда бир қатор халқаро ташкилотлар билан алоқалар йўлга қўйилди.
Маълумот учун: БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, ЮНИСЕФ, ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори идораси, ИҲХТ, ЕИ иттифоқи делегацияси ваколатхонаси, Европа кенгаши ҳамда АҚШ Давлат департаментининг наркотиклар ва ҳуқуқни қўллаш устидан назорат қилиш Бюроси (INL), USAID, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Европанинг фирибгарликка қарши идораси (OLAF), ЕТТБ, Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармаси ва Словениянинг “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти.
Халқаро ҳамкорлар билан учрашув ва бошқа қўшма тадбирлар
Бугунги кунга қадар Агентлик ва бошқа миллий ва хорижий ҳамкорлар билан бирга коррупцияга қарши курашиш соҳаси билан боғлиқ 31 та онлайн/офлайн тадбирлар (Агентлик салоҳиятини кучайтириш, ходимлар малакасини ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш каби мавзуларда семинар ва тренинглар) ташкил этилди.
Агентлик билан ҳамкорлик қилаётган экспертлар
Агентлик ва Бош прокуратура ҳамкорлигида Агентлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Европа Кенгаши томонидан Кристина Тарна (Молдова), Даромад ва мол-мулкни декларациялаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишида Жаҳон банки томонидан – Дмитрий Котляр (Украина), Агентликнинг бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қонунчиликни такомиллаштириш учун Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан Руслан Рябошапка (Украина), шунингдек, Агентлик фаолиятини ташкиллаштиришда БМТ ТД коррупцияга қарши курашиш Глобал Дастури экспертлари Анга Тимилсина, Жунгох Сон, Иракли Котетишвили ва Аида Арутюнова, “Минтақавий мулоқот” ХННТ вакили Горан Клеменчичлар халқаро эксперт сифатида жалб қилинган.
Халқаро ҳамкорликка доир бошқа масалалар
Агентлик томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини Ўзбекистонда амалга оширилиши доирасида 2-босқич обзорини ўтказиш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Конвенция обзори доирасида баҳолаш назорат рўйхати (саволнома) асосида тегишли вазирлик ва идоралардан керакли маълумотлар қабул қилиниб, уларни умумлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси томонидан 2020 йилда тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича «Йўл харитаси»нинг давлат органлари томонидан амалга оширилиши Агентлик томонидан мониторинг қилиниб, юклатилган вазифалар амалга оширилиши юзасидан тегишли ишлар бажарилмоқда.
Шунингдек, йиғилиш якунида агентлик олдида турган режалар тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтилди.