“Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди.
Ҳужжат билан барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди.
Эндиликда, давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили:
- 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтига жойлаштиради;
- 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;
- 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб расмий веб-сайтда ва Очиқ маълумотлар порталида қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади:
- амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар;
- мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари, улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
- ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари;
Қуйидаги имтиҳонларни ўтказиш жараёни Интернет тармоғида жонли эфирга узатилади:
• ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун тест ва ижодий имтиҳонлар;
• магистратура босқичига қабул имтиҳонлари;
• республикадаги ёки хориждаги ОТМдан республикадаги давлат ОТМга ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонлар;
• хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовлари.
2021 йил 1 июлдан бошлаб қайд этилган қуйидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб борилади:
- Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, назорат қилувчи органлар – давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда ўтказилган ҳар бир тафтиш ва текширув (назорат объекти номи, тафтиш ёки текширувнинг мақсади ва муддатлари, уни ўтказган давлат хизматчисининг лавозими, фамилияси, исми) тўғрисидаги маълумотларни (тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарини хабардор этгандан сўнг);
- Давлат активларини бошқариш агентлиги – устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) рўйхатини (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, солиқ тўловчининг идентификация рақами, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда), шунингдек, устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар рўйхатини;
- Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари – ўзлари акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини бажарувчи давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотларни;
- Давлат солиқ қўмитаси – давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотларни;
- Молия вазирлиги – давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган Давлат бюджети маблағлари, тегишлича хориждан жалб этилган маблағлар, шу жумладан, давлат ташқи қарзи суммалари ҳамда уларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотларни;
- Давлат активларини бошқариш агентлиги – давлат муассасалари рўйхатини (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно).
Фармонга мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
- давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш;
- давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан ОАВ орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича чораларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишига кўмаклашиш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни “Mening fikrim” веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқариш;
- очиқ маълумотлар шаклида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, такомиллаштириб бориш ва янгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
- ОАВ орқали давлат органлари ва ташкилотлари хизматчиларига “давлат органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги” маданиятини сингдириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш муҳимлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш.
Бундан ташқари:
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилади;
- Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради;
- Агентлик “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун амалга оширилиши устидан назоратни, шунингдек, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг “Ҳукуматнинг очиқлиги” индикатори бўйича Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид комплекс чора-тадбирлар кўрилишини таъминлаш бўйича асосий масъул орган этиб белгиланди.
“Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади ва унда қуйидагилар назарда тутилади:
- чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхати, ундан фойдаланиш ва маълумотларни бундай ахборотлар жумласига киритиш ҳамда чиқариш асослари, муддатлари ва тартиби;
- чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш;
- чеклаб қўйилиши фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларнинг давлат сирларига киритилишини ман этиш;
- фуқаролар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматчилари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштириш шартлари ва тартиблари;
- ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва илғор тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.
2021 йил 1 декабрдан қуйидаги тадбирлар телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилади:
- Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно);
- Тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлар бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно).
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги Қонуни лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилади.
Ҳар йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади.
Мазкур Фармонда кўрсатилган қоида ва тартибларнинг бузилиши давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилиши сифатида баҳоланади.