Ўрганишлар давомида «dxarid.uz» махсус ахборот порталига жойлаштирилган давлат харидларига оид амалдаги эълонлар бўйича 32 та ҳолатда 10,4 млрд. сўмлик иш ва хизматлар ҳали шартномалар тузилмасдан, эълон муддати тугамасдан туриб, пудратчилар томонидан бошлаб юборилганлиги, хаттоки ишларни 100 фоиз бажарилганлиги ҳолатлари аниқланди.
Жумладан,
- Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 12 та ҳолатда 5 млрд. 958,1 млн. сўмлик;
- Китоб тумани Тиббиёт бирлашмасида 5 та ҳолатда 1 млрд. 152 млн.сўмлик;
- Нишон тумани халқ таълими бўлимида 4 та ҳолатда 574,0 млн.сўмлик;
- Шаҳрисабз тумани Ахборот кутубхона марказида 1 та ҳолатда 553,7 млн. сўмлик;
- Миришкор тумани Ободонлаштириш бошқармасида 2 та ҳолатда 527,6 млн.сўмлик ишлар шартномалар тузилмасдан бажариб юборилганлиги ва айримларида ишлар тўлиқ бажарилганлиги аниқланди.
Ўрганишлар давомида Қарши тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи “С.У.” томонидан “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонуннинг 19-моддаси қўпол равишда бузилган ҳолда ўзининг синглиси “С.Ш.” таъсисчилигидаги “Т.G.K.” фермер хўжалиги билан 149,1 млн.сўмлик гул кўчатларини ўтказиш бўйича шартнома тузиб, 27,1 млн.сум асоссиз харажатлар ҳисоботга киритилиб, ортиқча маблағ олинишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Шаҳрисабз туман Ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигидаги "Обод қишлоқ" дастури асосида 2 та маҳаллада пиёдалар йўлаги қуриш ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатишда “U.M.” МЧЖ томонидан 67,0 млн. сўмлик ҳақиқатда бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилганлиги ва смета хужжатларига материаллар нархлари асоссиз ошириб кўрсатилганлиги аниқланди.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят минтақавий филиалида 2 дона тиббий аппаратдан 250,0 млн. сўмлик камомад мавжудлиги маълум бўлди.
Китоб туманида жойлашган Қашқадарё вилоят 2-сон асаб-руҳий касалликлар диспансерида Мobile X-Ray RU-510-русумли бир дона рентген аппаратидан 582,8 млн. сўмлик камомад мавжудлиги аниқланди.
Эътиборлиси, 2-сон асаб-руҳий касалликлар диспансерига янги олиб келинган тиббий аппарат солинган катта ҳажмли қути холислар, гувоҳлар иштирокида очиб кўрилганида, унинг ичида Мobile X-Ray RU-510 русумли рентген аппарати мавжуд эмаслиги, унинг ўрнига қоғоз қути билан ўралган қизил рангдаги эски темир буюм (эски иситиш қозонига ўхшаш металл) турганлиги маълум бўлди.
Халқ таълими тизими ташкилотларида ўтказилган ўрганишларда, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида, Қамаши, Ғузор, Деҳқонобод, Миришкор, Касби, Косон, Китоб, Нишон, Яккабоғ ва Қарши туманларида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. Яъни, электрон дўкон (миллий дўкон) ва электрон аукционлар орқали 2020 ва 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонуннинг 40 ва 43-моддаларига зид равишда, давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлаш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида халқ таълими бўлимларининг 932 та 3,5 млрд. сўмлик шартномалари бўйича давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлаб, ноқонуний равишда шартномалар тузилганлиги маълум бўлди.
Юқорида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича қонуний қарор қабул қилиш учун тегишли материаллар Бош прокуратурага юборилди.
Агентликнинг ҳудудлардаги ўрганиш тадбирлари давом этмоқда.