Жорий йилнинг 29 июль куни Тошкент шаҳрида “Коррупцияга қарши курашишнинг устувор масалалари” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Агентлик, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Бизнес омбудсман, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати каби қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ, БМТ ГМЖБ, “Минтақавий мулоқот” ХННТ сингари халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлари иштирок этишди.
Анжуман сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик, халқаро ҳамжамият вакилларини хабардор қилиш, белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш борасида мутахассислар фикр ва таклифларини ўрганиш мақсадида ташкил этилди.
Йиғилганларнинг асосий эътибори жорий йилнинг июль ойида давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган икки муҳим ҳужжат “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарорига қаратилди.
Маърузачилар ушбу ҳужжатларнинг амалий аҳамияти ҳақида тўхталиб, коррупцияга қарши курашишга комплекс ёндашган ҳолда институционал ўзгаришлар амалга оширилиши белгилангани алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, уларда кўзда тутилган нормаларнинг давлат ва жамият ҳаётига таъсири, амалга ошириш бўйича вазирлик ва идоралар олдидаги вазифалар, бу борадаги ўзаро ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, ҳужжатларда коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳам превентив механизмлар, ҳам коррупциявий хатти-ҳаракатлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, давлат хизматчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган механизмлар белгиланмоқда.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раисининг коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус вакили Анита Рамасастри анжуман иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Унда Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш сиёсатининг устувор йўналишларига эътибор қаратиб, уларда халқаро ҳужжатлар ва нормалар талабларига мос эканлигини билдириб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан БМТ Тараққиёт дастурининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Глобал дастур менеджери Аида Арутюнова мамлакатда кўплаб соҳалар қатори коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон бу борада ўзига хос йўлни босиб ўтаётганини таъкидлади.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғи эксперти Руслан Рябошапка ҳужжатлар билан қабул қилинган превентив механизмлар, яъни давлат органлари фаолиятини янада очиқлигини таъминлаш, бунда давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш тизимидан тортиб, давлат харидларининг янада шаффоф амалга оширилишини таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат хизматига ишга қабул қилишни очиқ танловлар асосида амалга ошириш каби халқаро ташкилотлар томонидан ижобий кутиб олинганини таъкидлади.
“Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг ҳуқуқ бўйича эксперти Горан Клеменчич коррупцияга қарши курашиш жараёнларида бевосита аҳоли билан ишлаш, ушбу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этиш каби масалалар ҳам ўз ечимини топганини қайд этиб ўтди.
Тадбирда маърузачилар томонидан Фармон билан 2021–2022 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича 44 та банддан иборат давлат дастури тасдиқлангани ҳамда унда ҳам бир қатор муҳим чораларнинг амалга оширилиши назарда тутилгани эътироф этилди.
Хусусан, давлат харидлари соҳасидаги аризаларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга мурожаатларни юбориш имконини берувчи саҳифа яратиш, давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўлган хавфларни олдини олиш тизимини такомиллаштириш, Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига давлат хизматига қабул қилиш ва унда фаолият олиб боришда қариндош-уруғчилик ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган нормаларни киритиш, Европа Кенгаши доирасидаги Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлар гуруҳи (GRECO), шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш идоралари халқаро ассоциацияси (IААСА) ташкилотларига аъзолик масалаларини кўриб чиқиш каби масалалар ўрин олган.
Муҳокамалар жараёнида масъуллар ҳужжатларда белгиланган ҳар бир вазифанинг амалга оширилиш жараёнлари ҳамда механизмлари тўғрисида маълумот бериб ўтишди.
Тадбир якунида халқаро экспертларнинг мазкур йўналишда амалга оширилган ишларни эътироф этган ҳолда, соҳани янада такомиллаштириш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини самарали қўллаш масалалари бўйича таклиф ва тавсиялари умумлаштирилиб, иш жараёнида қўллаш учун қабул қилинди.