Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Тошкент вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Кенгаш аъзолари таништирилиб, вилоятда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, кенгашнинг вазифа ва ваколатларига тўхталиб ўтилди.
Хусусан, ҳудудий Кенгаш қуйидаги ваколатларга эга:
- тегишли ҳудудда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
- вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролардан Ҳудудий кенгаш ваколатига тааллуқли бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
- коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини ва маърузаларини эшитиш;
- ҳудудларда «Коррупциясиз соҳа» дастурини мунтазам тарзда жорий этиш ва соҳалар қамровини кенгайтириш;
- ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда «Коррупцияга қарши экспертиза» ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва уни назорат қилиб бориш;
- коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида оммавий-ахборот воситалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш;
- ҳудудларда ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фанларининг ўтилишини ташкил этиш ва уни назорат қилиб бориш;
- ҳудудларда давлат ва хўжалик бошқаруви соҳаларида замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб бориш ва уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш ишларини кузатиш ва бошқалар.
Анжуманда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Т.Ҳайдаров, Тошкент вилояти ҳокими Д.Ҳидоятов, депутатлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу жараёнда ташкил этилаётган ҳудудий Кенгашларнинг ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.