Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумда коррупцияга қарши курашиш соҳасида томонларнинг яқин истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари, амалга оширилиши лозим бўлган вазифа ва мажбуриятлари белгилаб олинди.
Унга кўра, томонлар Давлат дастурларида коррупцияга қарши курашишга оид давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларини белгилаш, нефт ва газ соҳасидаги коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифларни ҳамкорликда ишлаб чиқади.
Агентлик “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро стандартларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштиришда кўмаклашади. Ўз навбатида, Акциядорлик жамияти ўз тизимида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ва бундай чора-тадбирларни мувофиқлаштиришда Агентлик билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Меморандум доирасида ҳамкорликни самарали амалга ошириш мақсадида томонлар ўз вакилларидан иборат ишчи гуруҳларини тузиши, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари мутахассисларини жалб қилиши белгиланди.
Томонлар меморандумда кўзда тутилган вазифаларни ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этиш учун тегишли амалий ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олди.