Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Қашқадарё вилоятида тиббий ускуналар харид қилинишининг қонунийлиги ўрганилганида, 2020 йил ва 2021 йилнинг 1-ярим йили давомида 10 та тиббиёт муассасалари томонидан 75 дона жами 7 млрд. 817,6 млн. сўмлик тиббий ускуналар Қарши шаҳридаги масъулияти чекланган жамиятдан шартнома асосида жуда қиммат нархларда бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинганлиги аниқланди.
Ушбу материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган ва Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан бозор баҳосини аниқлаш бўйича экспертиза тайинланган.
Х.Сулаймонова номидаги Республика экспертиза марказининг Қашқадарё вилояти бўлими экспертлари томонидан дастлабки баҳолаш ишлари якунларига кўра, 65 дона 43 турдаги тиббий ускуналари тиббиёт муассасалари томонидан 5 млрд. 421,4 млн. сўмга харид қилинган бўлса, эксперт хулосасига кўра, ҳақиқатда, 2 млрд. 808,1 млн. сўмлик қийматга эга эканлиги, яъни 2 млрд. 613,3 млн. сўмга қиммат нархларда сотиб олинганлиги аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан 2 млрд. 613 млн. 334 минг 899 сўмга қиммат нархларда тиббий ускуналар сотиб олинганлиги ҳолати юзасидан 2021 йил 16 декабрь куни таъминотчи жамият ва Қашқадарёдаги 9 та тиббиёт муассасалари мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.