“Transparency international” (TI) коррупцияни қабул қилиш индекси давлатларда коррупция даражаси ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни баҳолаб борувчи индекс ҳисобланади.
2021 йил учун TI нинг коррупцияни қабул қилиш индекси янги рейтингида Ўзбекистон 6 поғонага кўтарилиб, индекс баҳосида қаторасига 8 йил давомида барқарор ўсишига эришилди (2013 йилда 17 баллдан 2021 йилда 28 баллгача).
Коррупцияни қабул қилиш индекси экспертлар ва ишбилармон доираларнинг давлат секторидаги коррупцияга доир аниқ масалалар бўйича баҳоларини акс эттирувчи 13 манбалардан олинган маълумотларга асосланади.
Ҳар бир мамлакатнинг коррупцияни қабул қилиш индексини аниқлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
1. Манбаларни аниқлаш:
Юқорида қайд этилган 13 манбалар орасидан Ўзбекистон қуйидаги 7 та рейтингларда баҳоланади:
т/р |
Манба номи |
балл |
1 |
Bertelsmann Foundation Transformation Index |
29/29 |
2 |
Economist Intelligence Unit ташкилотининг “Мамлакат хатари хизмати 2020” ҳисоботи |
20/20 |
3 |
Freedom House ташкилотининг “Ўтишдаги мамлакатлар ҳисоботи 2020” |
24/24 |
4 |
Global Insight ташкилотининг “Бизнес муҳити ва хавф кўрсаткичлари 2019” ҳисоботи |
35/22 (+13) |
5 |
CPIA - world Bank “Мамлакатлар сиёсий ва институционал баҳолаш” ҳисоботи |
27/27 |
6 |
World Justice Project ташкилотининг “ҳуқуқ устуворлиги индекси 2020” ҳисоботи |
36/35 (+1) |
7 |
“Демократия турлари (V-Dem) 2020” ҳисоботи |
26/25 (+1) |
2. Маълумотлар манбаларини стандартлаштириш:
Маълумот манбалари бўлган рейтинг ва индексларнинг шкаласи турлича бўлганлиги боис, ҳар бир манбанинг асосини ташкил этувчи баллар “0” баллдан (коррупция энг юқори) “100” баллгача (коррупция энг паст) бўлган шкалада ўртача баҳоси аниқланади.
3. Аниқланган баҳоларнинг ўртача қийматини ҳисоблаш:
Баҳолар қўшилиб, ўртача сони (коррупцияни қабул қилиш индекси) аниқланади. Ҳар бир давлат юқоридаги манбалардан камида 3 тасида баҳоланган бўлиши лозим.
Коррупцияни қабул қилиш индекси манбаларида Ўзбекистон:
1. “Bertelsmann foundation transformation index” индекси мамлакатларнинг демократия ва бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнларини таҳлил қилади ва баҳолайди. Индекс сиёсий (5 та) ва иқтисодий (7 та) трансформация ҳамда бошқарув самарадорлиги (4 та) га оид индекслар жамланмасидан иборат. Барча индекслар “0” баллдан “10” баллгача бўлган шкалада баҳоланади. Индекслар ҳар 2 йилда янгиланиб боради. Ўзбекистоннинг умумий рейтинги 2018 йилда 3,73 баллдан 2020 йилда 4,08 баллга кўтарилди (108 ўриндан 107 ўринга).
Ш.М.Мирзиёевнинг лавозимига тайинланганидан сўнг биринчи бўлиб, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги, мамлакатнинг ҳар томонлама трансформация қилинганлиги, коррупцияга оид бир қатор ишлар очилганлиги ҳамда мансабдор шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилганлиги ижобий қабул қилинган.
Шу билан бирга, давлат хизматчиларининг малакаси етарли даражада эмаслиги ҳамда суд тизимининг мустақиллиги эмаслиги ва ижро тизимининг босими ҳамон мавжудлиги камчилик сифатида белгиланган.
Шу каби, таълим тизимида ҳам коррупция даражаси юқори эканлиги, шу билан бирга тизимда коррупцияни бартараф этиш чоралари кўрилаётганлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, давлат харидлари жараёнини назорат қилиш ҳамда давлат хизматчиларининг ҳисобдорлигини таъминлаш, шу жумладан даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш йўналишида етарлича натижага эришилмаганлиги муаммолардан бири сифатида кўрсатилган.
2. “The economist intelligence unit country report” дунё бўйлаб саноат ва иқтисодий таҳлил ва бизнес юритиш учун прогнозлаштириш билан шуғулланувчи нодавлат ташкилоти бўлиб, ҳар бир давлат учун йиллик ҳисобот эълон қилиб боради.
Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш даражаси ўтган йилга нисбатан 5,5 фоиз бўлганлиги мазкур нашр томонидан ижобий эътироф этилган.
Нашрнинг прогнозларига асосан, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми кейинги йилларда ҳам ўсишда давом этади.
3. Freedom House Nations Transit Rating 0 баллдан 100 баллгача шкалада бир нечта суб индекслардан иборат демократия ҳисоби, демократия фоизини юритувчи рейтинг ҳисобланади.
Рейтинг ҳисоблаш механизмлари 2020 йилдагига нисбатан ўзгарган. Шунга қарамай рейтингнинг хулосасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг баҳоси ўтган йили қайд этилган 27 баллдан 2021 йилда 28 баллга кўтарилган.
Рейтингда асосий ижобий ўзгариш сифатида мамлакатда интернет тезлиги ошганлиги ва интернет учун нархларнинг пасайганлиги қайд этилган.
4. IHS Global Insight бутун дунё бўйлаб 30дан ортиқ мамлакатларда бизнес вакилларига ўзининг макроиқтисодиёт ва савдо соҳасидаги риск-анализ хизматларини кўрсатувчи ва 200 дан ортиқ давлатлар учун ҳар йиллик хавф-хатар рейтингини янгилаб борувчи халқаро ташкилот ҳисобланади.
Ушбу нашр экспертлари “Transparency international” учун ҳар бир мамлакатда чет эллик бизнес вакиллари (жисмоний ёки юридик шахслари) давлат хизматини қабул қилиш, шартнома тузиш, импорт ёки экспорт қилиш, лицензия олиш ва бошқа амалиётларни амалга ошириш жараёнида коррупциявий хавф-хатарларга дуч келиши юзасидан “1” баллдан (салбий) “5” баллгача (ижобий) баҳолайди.
5. Жаҳон банкининг давлат сиёсати ва институционал ривожланиши рейтинги (World bank CPIA) – Жаҳон банкининг иқтисодий ўсиш ҳамда давлат сектори самарадорлигини баҳолаб борувчи ҳар йиллик рейтинги ҳисобланади. Мазкур рейтинг “1” баллдан (салбий) “6” баллгача бўлган шкалада баҳоланади ҳамда 8 та суб-рейтингларга бўлинади.
Ўзбекистон ушбу рейтингларнинг деярли барчасида ўсишга эришмоқда. Жумладан, ташқи савдо рейтингида 2016 йилда 2.5 баллдан бошлаб 2019 йилга қадар 4.0 баллгача, давлат қарзини бошқариш рейтингида 2015 йилда 4 баллдан 2019 йилда 4.5 баллгача кўтарилишга муваффақ бўлди.
Қолган рейтингларда (солиқ сиёсати, гендер тенглиги, давлат қарзини бошқариш, давлат бюджетини ва молиявий барқарорлик, макроиқтисодий бошқарув) барқарорликни кузатиш мумкин.
6. Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилотининг ҳуқуқ устуворлиги индекси (Rule of law index of WJP) – мустақил ва нотижорат халқаро ташкилотининг қонун устуворлиги ва тенгликни таъминлашга қаратилган лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Ушбу индекс “0.00” баллдан (салбий) “1.00” баллгача (ижобий) баҳоланади ва ҳар йили янгиланади. Ўзбекистон мазкур рейтингда 2020 йилда 0.47 баллдан (92-ўрин) 2021 йилда 0.49 баллга (85-ўрин) кўтарилган.
Индекс 8 та факторлардан таркиб топган бўлиб, ҳар бир фактор суб-факторларга бўлинган ҳолда ўртача балл шакллантирилади.
Ўзбекистоннинг энг юқори балл билан баҳоланган факторлари хавфсизлик ва ижро (0.90 балл, 14-ўрин) ҳамда фуқаровий судлов (0.50 балл, 78 ўрин) факторлари ҳисобланади.
Шу билан бирга давлат хизмати очиқлиги (0.37 балл, 122 ўрин) ҳамда давлат ҳокимиятига тегишли чекловлар (0.38 балл, 121 ўрин) факторлари энг паст натижалар билан ўртача индексга салбий таъсирини кўрсатган.
7. Демократия турлари (навлари) (V-dem) демократияни тарғиб қилиш ва ўлчаш учун янги, кўп ўлчамли рейтингларни тақдим этувчи халқаро ташкилот. Мазкур рейтинг мамлакатларни “0.00” баллдан “1.00” баллгача шкалада баҳолайди. Мазкур рейтинг 6 та суб рейтинглардан иборат бўлиб, 2021 йил ҳисоботида Ўзбекистон улардан 3 тасида (либерал демократия индекси, либерал компонентлар индекси, консултатив компонентлар индекси) юқорилашга эришди. Тенг ҳуқуқийликни таъминлаш бўйича эса, 0.47 балл билан Ўзбекистон 124-ўринни эгаллаган.
Юқорида келтириб ўтилган 7 та манба “Transparency international”нинг умумий рейтингини шакллантириш учун асос бўлувчи манбалар ҳисобланиб, уларнинг ҳар бири суб-рейтинг, суб-индекс, суб-факторлар ва бўлимларга бўлинади.
Мазкур рейтинг ва индекслар, мамлакат сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини баҳолайди ва уларнинг натижалари бевосита “Transparency international”нинг коррупцияни қабул қилиш индексига таъсир ўтказади.
Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон мазкур рейтинг ва индекслар (шунингдек, улардаги суб-рейтинг ва суб-индекслар) нинг деярли барчасида барқарор ўсишга эришмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати