Жорий йилнинг 26 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда Агентлик томонидан 2021 йил давомида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилган ишлар ҳамда уларнинг натижалари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Агентлик томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида 2021 йил мобайнида соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ташкилий ҳамда институционал механизмларни мустаҳкамлаш, давлат бюджети маблағларининг самарали сарф этилишини таъминлаш, давлат хизматида ҳалоллик стандартларини кенг жорий этиш, давлат идораларининг очиқ ва ошкора фаолият юритишини таъминлаш, ҳалқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш йўналишларида бир қатор ишлар амалга оширилди.
1. Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича
Ўтган вақт давомида, Агентлик ташаббуси билан 26 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳужжатлардан 8 таси қабул қилинган. Маълумот учун:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6247-сон Фармони;
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ–6257-сон Фармони (мазкур фармон билан 2021-2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланган);
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5177-сон Қарор;
4. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–729-сон Қонун;
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–34-сон Қарор;
6. “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши тўғрисида”ги Низом (Миллий кенгашнинг 2021 йил 19 августдаги 4-сон баённомаси билан тасдиқланган);
7. “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш Ҳудудий кенгашлари тўғрисида”ги Низом (Миллий кенгашнинг 2021 йил 19 августдаги 4-сон баённомаси билан тасдиқланган);
8. “Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисида”ги намунавий низом (2021 йил 8 сентябрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Рўйхат рақами № 3319).
2. Ҳудудлар ва соҳаларда давлат бюджетидан мақсадли фойдаланиш, шу жумладан давлат харидларини амалга ошириш юзасидан ўтказилган ўрганишлар бўйича
Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳалари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудлар ва соҳалар кесимида 50 дан ортиқ ўрганишлар ва текширувлар ўтказилди. Соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта махсус таълим, халқ таълими, ички ишлар, курилиш соҳаларида ўтказилган ўрганишлар шулар жумласидандир.
Ушбу тадбирлар давомида аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан умумий 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ишлар қўзғатилди.
Шундан Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси бузилганлиги билан боғлиқ 23 та жиноят ишлари қўзғатилиб, улар бўйича 142 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар аниқланди.
Шунингдек, бюджет буюртмачилари томонидан объектларни қуриш ва жорий таъмирлаш бўйича “dxarid.uz” ва “tender.mc.uz” махсус ахборот порталида жойлаштирилган эълонлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилганда, жами 134 та объектда 85,5 млрд сўмлик жорий таъмирлаш ва қурилиш ишлари танлов ғолиблари аниқланмасдан бошлаб юборилганлиги ёки аллақачон тамомланганлиги маълум бўлди.
Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, Халқ таълими вазирлиги тизимида 50,7 млрд сўмлик (61 та), Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 9,7 млрд сўмлик (25 та), Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 1,8 млрд сўмлик (7 та), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида 1,3 млрд сўмлик (4 та), маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар томонидан
22,0 млрд сўмлик (37 та) объектларга тўғри келади.
Шунингдек, ушбу объектларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилганда, Самарқандда 42,2 млрд сўмлик (10 та), Андижонда 14,0 млрд сўмлик (45 та), Қашқадарёда 10,4 млрд сўмлик (32 та), Наманганда 9,5 млрд сўмлик (27 та), Жиззах вилоятида 3,7 млрд сўмлик (7 та), Тошкент шаҳрида 3,7 млрд сўмлик (4 та), Навоийда 1,8 млрд сўмлик (5 та), Бухорода 332 млн сўмлик (4 та) объектлар тўғри келиши аниқланди.
Бундан ташқари, давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторингда Республика бўйича бюджет буюртмачилари томонидан 458 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарларликларнинг сабаб ҳамда шарт-шароитларни бартараф қилишга қаратилган 446 та тақдимнома киритилди ва 141 млрд сўмлик маблағларнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.
“Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг ижросини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда ҳудудий бўлинмалар ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти, хусусан, тизимда бюджет маблағларидан фойдаланиш ва қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказилиб, соҳада коррупциявий омил ва хавфларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишда “Шаффоф қурилиш” Миллий ахборот тизими ишлаб чиқилиб, республиканинг барча ҳудудларида реал вақт режимида тўлиқ ишга туширилди.
3. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш ҳамда давлат хизматчиларининг малакасини ошириш йўналишида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.
Ушбу вазифа ижроси тўғрисида БМТ Тараққиёт Дастури экспертлари билан ҳамкорликда ISO 37001:2016 халқаро стандарт талабларига мувофиқ, ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш учун 10 та ички идоравий ҳужжатлар намуналари ишлаб чиқилиб, барча давлат ташкилотларига юборилди.
Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат (“комплаенс-назорат”) тизимини жорий этишга амалий кўмаклашиш мақсадида, 2021 йилнинг 24-25 ноябрь кунлари Давлат бошқаруви академиясида ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, коррупцияга қарши ички идоравий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишга доир кўргазмали тақдимотлар ўтказилди. Унда 145 та давлат ташкилотларининг ички назорат тузилмасига масъул бўлган 215 нафар ходимлари иштирок этди.
Шунингдек, 2021 йилнинг 26 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ички назорат тузилмасига масъул бўлган ходимлар учун онлайн тарзда ўқув семинари ўтказилди.
Хусусан, Агентлик томонидан Коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тизимини жорий этиш бўйича махсус Қўлланма ишлаб чиқилиб, давлат органлари ва ташкилотларига тарқатилди.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларида ташкил этилаётган ички назорат тузилмалари раҳбарларини тайинлаш Агентлик билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, Агентлик ходимлари иштирокида 25 та вазирлик ва идораларнинг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари лавозимига номзодларни танлаш бўйича очиқ танловлар ўтказилди.
Ўз ўрнида, коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этишга масъул бўлган кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш тизими жорий этилиб, дастлабки босқичда вазирлик ва идораларнинг 299 нафар ходимлари Бош прокуратура Академиясининг қисқа муддатли онлайн курсида ўқитилиши таъминланди.
4. Коррупцияга оид жиноятчилик таҳлили ҳамда етказилган моддий зарарларнинг ундирилиши борасида қилинган ишлар
Таҳлилларга кўра, 2021 йилнинг ўтган 12 ойи мобайнида 6 294 нафар шахслар томонидан 7 953 та коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноятлар содир этилган.
Шундан, давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ ҳолда 3 050 нафар шахслар томонидан 4 186 та коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноятлар ҳисобга олинган.
5. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ишлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ–6247-сон Фармонига мувофиқ, Агентликка давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди.
Агентлик томонидан вазирлик ва идораларнинг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши ўрганилиб, мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган тартибда очиқланишини таъминламаган 11 та вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш ҳақида расман огоҳлантирилди.
2021 йилнинг октябрь ойида вазирлик ва идоралар кесимида ўтказилган мониторинг натижалари бўйича 230 та давлат идораларининг 121 таси хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштирмаганлиги аниқланди.
Шу каби, Республикадаги 119 та давлат органи ва ташкилоти ўз тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилишини таъминламаган бўлса, 48 таси Порталда шахсий кабинет ҳам очмаганлиги маълум бўлди.
Бу каби камчиликларга йўл қўйиб келаётган вазирлик ва идоралар мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида Агентлик томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди.
Шунингдек Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича Методика лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумий 42 та баҳолаш мезони қамраб олинган 7 та индикатор асосида баҳоланиши белгиланмоқда.
6. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш йўналиши бўйича
Агентликка 2021 йилда жами 4 901 та (493 таси дубликат) мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 4 888 таси кўриб чиқилиши таъминланган. 107 та мурожаат Агентлик раҳбарияти томонидан ташкил этилган шахсий ва сайёр қабулларда келиб тушди. Келиб тушган мурожаатларнинг 245 таси ижобий ҳал этилган, 1163 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш орқали қаноатлантирилган, 2 та ташаккурнома, 2 та мурожаат фуқаронинг аризасига асосан кўрмасдан қолдирилган, 117 та мурожаат аноним деб топилган, 43 та мурожаат маълумот учун қабул қилинган, 158 та такрорий мурожаат кўриб чиқилиши белгиланган тартибда тугатилган, 3158 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли вазирлик ва идораларга йўналтирилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 53 та тақдимнома, 9 та огоҳлантириш ҳамда 58 та сўровномалар киритилди.
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан энг кўп таълим, суд, қурилиш соҳаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилинган.
Ўрганишлар натижасида, қонун ҳужжатларига зид равишда чиқарилган 32 та қарорлар бекор қилинди, тақдим этилган ҳужжатларга асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 11 та жиноят иши қўзғатилди, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 24 та маъмурий жавобгарлик ҳамда 8 та интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
Ўтган вақт давомида, Агентлик 11 та вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзолади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Тошкент давлат юридик университети ва “Ўзбекистон саноат-қурилиш банки“ акциядорлик тижорат банки каби ташкилотлар шулар жумласидандир.
7. Халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилган ишлар бўйича
Бугунги кунда Агентлик ва халқаро ҳамкорлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилмоқда, жумладан 20 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, хусусан БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт Дастури, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Шу билан бирга, бир қатор хорижий давлатлар, жумладан Франция, Латвия, Словения, Германия, Австрия, Малайзия, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Украина, Молдова каби давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли органлари билан яқин ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда.
2021 йил давомида халқаро ҳамкорликка оид 10 та ҳужжатлар (меморандум, ҳамкорлик дастурлари) имзоланди.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан 2021 йил давомида халқаро ташкилотлар билан 90 дан ортиқ учрашувлар ва 50 дан ортиқ халқаро даражадаги тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбудсманларининг 4-йиғилиши Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Тадбирда ИҲТга аъзо ва 10 та давлат вакиллари иштирок этди.
Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Аксилкоррупция ҳафталиги” ташкил этилди. Ҳафталик доирасида 21 та йирик тадбирлар ташкил этилиб, уларга вазирлик ва идоралар, ННТ, ОАВларнинг мингдан ортиқ вакиллари ва ёшлар жалб этилди.
“Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида 2021 йилнинг 3 декабрь куни Тошкент шаҳрида биринчи марта кенг қамровли “Очиқлик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент форуми” ўтказилди. Форумда 8 давлат ва 13 та халқаро ташкилотдан ҳамда давлат ташкилотларидан 200 дан ортиқ иштирокчилар қатнашди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ўрни юқорилаб бормоқда (“Transparency International” – 153 ўриндан 146 ўринга, “World Justice Project” ташкилотининг “Ҳуқуқ устуворлиги” индексида 95 – 92, Жаҳон банки “Коррупцияни назорат қилиш” индексида 183 – 179).
8. Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва Ҳудудий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда услубий қўллаб-қувватлаш
2021 йил давомида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 4 та мажлиси ташкил этилди.
Ушбу йиғилишларда Миллий кенгаш ва Ҳудудий кенгашларнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳолати юзасидан 13 та вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда 3 та вилоят ҳокимларининг ҳисобот (ахборот)лари эшитилди.
Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди ва ижрога қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари ташкил этилди ҳамда Агентлик раҳбарияти, Миллий кенгаш аъзолари иштирокида таъсис йиғилишлари ўтказилди.
Ҳудудий кенгашлар фаолиятини мунтазам баҳолаб бориш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг рейтинг баҳолаш методикаси ва мезонлари ишлаб чиқилди ҳамда Миллий Кенгаш томонидан тасдиқланди.
Ҳозирда Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ҳамда қарорлари, давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган йўналишда белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати