Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2022 йилнинг январь ойида давлат буюртмачиларининг давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштирилган давлат харидларига оид эълонлар масофавий мониторинг тартибида ўрганилди.
Ўрганишда, давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари сунъий равишда қисмларга бўлингани, айрим давлат харидларида бир хил иштирокчилар такроран ғолиб бўлгани, айрим буюртмачилар қонун талабларига зид равишда қурилиш соҳасидаги давлат харидлари бўйича эълонларни “Шаффоф қурилиш” ахборот марказининг “tender.mc.uz” махсус платформасига жойлаштирмагани ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 46-моддасида, давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сонли қарори билан тасдиқланган “Қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик Низомнинг 3-бандида, давлат буюртмачиларининг ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 бараваридан ортиқ (675 млн. сўм) бўлган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари “tender.mc.uz” махсус ахборот портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши белгиланган.
Бироқ, давлат буюртмачилари томонидан давлат харидини амалга ошириш жараёнида юқорида қайд қилинган қонунчилик талаблари тизимли равишда бузилишига йўл қўйилиб келинмоқда. Хусусан,
–Андижон давлат университети томонидан 2021 йилда қурилиш соҳасида қиймати 5 млрд. сўмдан ортиқ 15 та давлат харидлари ўтказилган бўлиб, давлат харидлари қонун талабларига зид равишда сунъий равишда қисмларга бўлинган ва натижада 2 та тендер шаклида “tender.mc.uz” махсус ахборот портали орқали электрон шаклда ўтказилиши керак бўлган харидлар 10 та танлов шаклида ўтказилган ҳамда 2 та ҳолатда бир хил мазмундаги 5 та танловлар қисмларга бўлинган ҳолда ўтказилган.
Таҳлиллар натижасида, Андижон давлат университети томонидан ўтказилган 15 та қурилиш соҳасидаги танловларда 7 та хўжалик юритувчи субъектлар ғолиб бўлган бўлиб, сунъий равишда бўлинган харидларнинг деярли барчасида бир хил иштирокчилар қатнашган ва бир хил иштирокчи ғолиб бўлган.
Шунингдек, “Навоий савдо комплекс” акциядорлик жамияти томонидан 2022 йил 5 январь куни жамият савдо комплексини таъмирлаш бўйича қиймати 21,7 млрд. сўмлик;
–“Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖ буюртмачилигидаги 2022 йил 18 январь куни жамият маъмурий биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,627 млрд. сўмлик;
–Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида 2021 йил 27 март куни “Самарқанд шаҳар марказий кўча ва хиёбонларига дизайн асосида дарахт экиш ишлари”ни амалга ошириш бўйича 230 млн. сўмлик;
–“Пахтасаноат Илмий маркази” АЖ буюртмачилигидаги 2022 йил 17 январь куни меҳмонхона биносидаги 5 та хоналарни бузиб қайта режалаштириш ва дизайн асосида 8 та люкс хоналарга айлантириш юзасидан қиймати 996 млн. сўмлик;
–“Трансгазинжиниринг” МЧЖ буюртмачилигида 2022 йил 21 январь куни “қурилиш-таъмирлаш ишлари”ни бажариш юзасидан қиймати 2,456 млрд. сўмлик;
–Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги “Маъмурий-хўжалик хизмати” ДУК буюртмачилигида 2022 йил 24 январь куни вазирлик маъмурий биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,681 млрд. сўмлик;
Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича буюртмачиларга давлат харидларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида 7 та тақдимнома ва Бош прокуратурага 3 та сўровнома киритилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати