Хабар берганимиздек, бугун Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан Агентлик директорининг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар натижасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи механизмлар, шунингдек, жамоатчилик назорати институти ҳаётга самарали жорий этила бошланди.
Хусусан, 2021 йилнинг 16 июнида давлатимиз раҳбари томонидан “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида давлат идоралари фаолияти янада очиқлигини таъминлаш, бу орқали натижасида коррупциявий омиллар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи аниқ тартиблар белгиланди.
Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, Агентлик томонидан вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан очиқ маълумотларни расмий веб-сайтда ҳамда Очиқ маълумотлар порталида жойлаштирилиши ҳолати мунтазам ўрганиб келинмоқда.
Мисол учун, давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар бериши керак.
Мониторинг қилинган 135 та давлат органлари ва ташкилотларининг 93 таси 2021 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботни эълон қилмаган бўлса, 126 таси матбуот анжуманининг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида ҳанузгача ўз расмий веб-сайтига маълумот жойлаштирмаган.
Бундан ташқари, барча давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларини ҳар чоракда эълон қилиб боришлари талабининг ижроси 4-чорак учун ўрганилганда уларнинг 80 таси ушбу маълумотларни ўз вақтида белгиланган ресурсларда жойлаштирмагани аниқланди.
Ёки, хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари бўйича ҳисоботларни 88 та идора ўз вақтида очиқламагани маълум бўлди.
Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 10 январь кунига қадар ўтказилган сессияларнинг маҳаллий телеканаллар ёки Интернет тармоғида трансляция қилиниши ўрганилганда республика бўйича жами (туман ва шаҳар кенгашлари билан бирга) 585 та сессиялар ўтказилган бўлса, уларнинг 226 таси трансляция қилинмаган. Бу борадаги энг салбий кўрсаткичлар Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси хиссасига тўғри келади.
Фармон ижроси ҳолати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кесимида ҳам таҳлил қилинди. Очиқ эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати бўйича маҳаллий ҳокимликлар зиммасига жами 13 та тоифадаги ахборотларни ўз расмий веб-сайтида ҳар чоракда эълон қилиш ва даврий янгилаб бориш тартиби белгиланган.
Бироқ, 2021 йил якунлари бўйича мазкур талабларга риоя қилиниши ўрганилганида жами 95 та ҳолатда қонунчилик талаблари бузилишига, соддароқ қилиб айтганда ушбу маълумотлар ҳокимликлар расмий веб-сайтида умуман эълон қилинмаганлиги аниқланди.
Туман ва шаҳарлар кесимида эса 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларидан 43 тасида (20 фоизи) расмий веб-сайти ишчи ҳолатда эмаслиги, фаолият кўрсатаётганларида ҳам маълумот узоқ вақт давомида янгиланмай келинаётганлиги аниқланди.
Аниқланган қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Агентлик томонидан 26 та тақдимнома ҳамда 35 та огоҳлантириш хатлари киритилди.
Жойларда учраётган бу каби муаммоларнинг ечими сифатида маълум бир ҳудудни танлаб олиб, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини намунавий ташкил этишга киришилди. Шу мақсадда Фарғона вилоятида «Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд» лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Бунинг учун тегишли “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтида жойлаштирилди.
Эндиликда вилоятда коррупцияга қарши курашиш, шу жумладан, фаолият очиқлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитувлари ўтказилади. Ишлар самарадорлигини баҳолашда маҳаллий депутатлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари ҳам жалб қилинади, шунингдек, ўзини-ўзи баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
Мажлисда Ҳукуматга давлат органлари ва ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ўз муддатида эълон қилмаган ҳамда камчиликларга йўл қўйган раҳбарлари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш ва масъулиятини ошириш бўйича вазифа қўйилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати