Жорий йилнинг 20 октябрь куни Фарғона вилоятида “Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг вилоят бошқармалари томонидан очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳолати муҳокама қилинди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов иштирок этиб, ўтган давр мобайнида кўрилган чора-тадбирлар ҳамда эришилган оралиқ натижалар билан танишди.
Маълумки, Фарғона вилоятида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини намунали ташкил этиш орқали давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш, самарали жамоатчилик назорати механизмларини йўлга қўйиш мақсадида “Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда, Агентлик ва Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олиниб, “Йўл харитаси” қабул қилинган.
Ўтган давр мобайнида “Йўл харитаси”нинг ижроси бўйича халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан фаолият очиқлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят халқ таълими ва мактабгача таълим бошқармалари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Агентлик томонидан вилоятдаги вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларининг очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари учун очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талаблари юзасидан семинарлар ташкил этилди.
Шунингдек, жорий йилнинг июнь – август ойларида “Юксалиш” УМҲ, маҳаллий депутатлар ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида фуқаролар, шунингдек, маҳаллий ОАВ ҳамда блогерлар ўртасида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди.
Сўров Фарғона вилоятининг шаҳар ва туман марказлари ҳамда чекка қишлоқларда ўтказилиб, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари томонидан фаолият очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан аҳолининг қониқиш даражаси ўрганилди. Жами 1087 нафар 16 ва ундан катта ёшдаги респондентлар иштирок этди.
Унга кўра, сўралганларнинг тенг ярми вилоятдаги маҳаллий давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги даражасини ўртача ҳисоблайди. Яъни, респондентларнинг фикрича, Фарғона вилоятида маълумотлар вақти-вақти билан, қисман очиқланади.
Бу эса, очиқликни таъминлаш соҳасида ҳали ҳам тизимли ишларни амалга оширишга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатган. Ушбу камчиликларни бартараф этишда, айниқса, ҳар бир давлат органи ва ташкилотида очиқликни таъминлаш учун масъулларнинг белгиланиши, тегишли идоравий ҳужжат ва режаларнинг қабул қилиниши муҳим роль ўйнайди.
Тадқиқот давомида сўралганларнинг қарийб ярми маҳаллий давлат органларида ташкил этилган Ишонч телефони рақамлари ёки “Call-марказ”лари томонидан кўрсатилаётган хизмат сифатидан тўлиқ ёки умуман қониқмаган.
Шу билан бирга, 34% респондентлар тўлиқ қониқишини билдирган. 13% сўралганлар эса хеч бир Ишонч телефони ёки “Call-марказ”нинг рақамини билмаслигини айтган.
Сўров Фарғона вилоятида қайси маҳаллий давлат органи фаолияти энг очиқ ва шаффофлиги, жумладан, жорий этилаётган муҳим ўзгаришлар мунтазам жамоатчиликка етказилиб борилиши, фуқаролар билан доимий очиқ мулоқот ўрнатилганига аниқлик киритишга ёрдам берди.
Сўралганларнинг 25,6%и маҳаллий ҳокимликлар, 15% таълим, 11% соғлиқни сақлаш, 10% тадбиркорлик соҳаларидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти очиқ ва шаффоф, деб ҳисоблайдилар.
Бундан ташқари, ташкилотчилар томонидан етакчи маҳаллий ОАВ вакиллари билан аноним учрашувлар ташкил этилиб, фикрлари ўрганилди.
Аниқланишича, ҳудудда аксарият давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик билан алоқалар у ёки бу даражада йўлга қўйилган бўлсада, респондентларнинг якдил хулосасига кўра, вилоят ва туман молия бошқармалари мутлақо ёпиқ эканлигини, ижтимоий аҳамиятга эга долзарб маълумотлар очиқланмаслиги, юборилган журналистик сўровлар доимий равишда жавобсиз қолдирилиши маълум бўлди.
Жорий йил 20 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган жамоатчилик эшитувида сўров натижалари вилоят раҳбарияти, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, депутатлар томонидан Марказий банк ва Молия вазирлигининг Фарғона вилояти бошқармалари раҳбарларининг фаолият очиқлигини таъминлаш, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.
Жамоатчилик томонидан билдирилаётган эътирозларни бартараф этиш, шу жумладан расмий веб-сайтлар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, ОАВ вакилларининг сўровларига ўз вақтида жавоб бериш, ўз фаолиятига оид маълумотларни белгиланган ресурсларда ўз вақтида жойлаб бориш бўйича ишларни танқидий қайта кўриб чиқиб, тўғри йўлга қўйишга келишиб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати