Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги 240-сон қарорига мувофиқ, давлат ташкилотларига юкланган ҳар бир функцияни баҳолаш Агентлик томонидан тасдиқланган Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти асосида “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали амалга оширилади.
Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш натижалари бўйича ушбу хавф-хатарларни бартараф этиш чораларини тизимли равишда кўриш мақсадида Агентлик томонидан “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри” шакллантирилган.
2023 йилда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш учун 62 та давлат ташкилотининг рўйхати шакллантирилди ва уларга “E-Anticor.uz” электрон платформасидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ишлари давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан ташкиллаштирилиб, баҳолаш натижаси юзасидан маълумотлар электрон платформага киритилган.
Жорий йил 10 апрель ҳолатига коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш юзасидан электрон платформага юборилган маълумотлар асосида 39 та вазирлик ва идора учун (ҳар бир функция бўйича аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи) коррупциявий хавф-хатарлар хариталари тўлиқ шакллантирилди.
Мазкур вазирлик ва идораларнинг фаолиятига доир умумий 1701 та функция коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказилиб, коррупциявий хавф-хатарлар даражаси 177 та функцияда “юқори”, 475 та функцияда “ўрта”, 1049 та функцияда “паст” баҳоланган.
Баҳолаш натижалари таҳлил қилинганда айрим давлат ташкилотлари томонидан барча функциялар тўлиқ баҳолашдан ўтказилмаганлиги, функцияларни баҳолашда ташкилотнинг аксарият функциялари асоссиз паст баҳоланганлиги, шунингдек ташкилот раҳбарияти томонидан мазкур амалиётга етарлича эътибор қаратилмаганлиги маълум бўлди.
Хусусан, Адлия вазирлигида 208 та функциялардан 24 та (11.5 %), Қишлоқ хўжалик вазирлигида 107 та функциялардан 51 та (47.6 %), Оила ва хотин қизлар қўмитасида 60 та функциялардан 12 та (20%), Кадастр агентлигида 116 та функциялардан 12 та (10.3%) ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида 88 та функциялардан 10 таси (11.3%)гина баҳолашдан ўтказилган.
Транспорт вазирлигида платформага киритилган 72 та функциядан 66 та, Статистика агентлигида 55 та функциялардан 51 та, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида 118 та функциялардан 115 та ва “Ўзбекистон темир йўллариʼ” АЖ да 42 та функциялардан 40 таси паст баҳоланган.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларда амалга ошириладиган функцияларнинг ягона рўйхати шакллантирилмасдан электрон платформага маълумотларни киритишда ҳокимликлар томонидан турлича ёндашилган.
Жумладан, Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан 155 та, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан 198 та, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 35 та ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эса 13 та функция баҳолашдан ўтказилган.
Таъкидлаш лозимки, 23 та вазирлик ва идоралар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш натижаси юзасидан маълумотлар электрон платформага киритилмаган ва шу сабабли улар учун коррупциявий хавф-хатарлар хариталари шакллантирилмади.
Коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш ишларини ўз вақтида ҳамда сифатли амалга ошириш ташкилот фаолиятида коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган соҳаларни, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ҳамда олдини олиш имконини беради.
Кенг жамоатчилик “E-Anticor.uz” платформаси орқали давлат органларининг баҳолашдан ўтказилган функциялари ва уларнинг коррупциявий хавф-хатарларга мойиллик даражаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини онлайн режимда юбориш имконига эга. Бу борадаги таклиф ва мулоҳазалар асосида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш ва тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Баҳолаш якунлари бўйича Агентлик томонидан давлат ташкилотларига коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва бартараф этиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш, ушбу йўналишда камчиликларнинг олдини олиш борасида амалий ёрдам берилади.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва бартараф этишда ижобий натижаларга эришган давлат ташкилотларининг тажрибаси кенг оммалаштирилади.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ишларини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш чораларини кўрмаган давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва бартараф этиш бўйича ахборотлари Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитилади ва муҳокама қилинади.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш натижалари Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига юборилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати