Коррупцияга қарши курашишда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида Агентлик томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида давлат бюджети маблағларининг самарали сарф этилишини таъминлаш, давлат хизматида ҳалоллик стандартларини кенг жорий этиш, давлат идораларининг очиқ ва ошкора фаолият юритишини таъминлаш каби қатор муҳим йўналишларда замонавий ахборот технологиялари ютуқларини фаол татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан:
Қурилиш соҳасида:
Қурилиш соҳасида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими республиканинг барча ҳудудларида 2021 йил 1 январдан реал вақт режимида тўлиқ ишга туширилди.
Ушбу тизимнинг ишга туширилиши натижасида қурилиш объектларини реконструкция қилиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, экспертиза, назорат ва мониторинг фаолиятлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Шунингдек, давлат шаҳарсозлик кадастри ҳужжатларини юритиш, уларни жамоатчиликка тақдим этиш имконини берувчи “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал) ишлаб чиқилди.
Ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари кўрсаткичларини инсон омилидан холи, рақамлаштирилган технологиялар ёрдамида баҳолайдиган “Қурилиш пудрат ташкилотлар рейтинги” ахборот платформаси яратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги 46-сон қарори билан Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги янги низом тасдиқланди.
Низом талабларига асосан, давлат буюртмачиларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 6000 бараваридан ортиқ бўлган қурилиш соҳасидаги танлов(тендер)лар “tender.mc.uz” электрон портали орқали амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 февралдаги ПҚ-4586-сон қарорига асосан Қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат ўрнатиш, объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, давлат қурилиш назоратининг такомиллашган янги тартиби ишлаб чиқилди. Шунингдек, “Қурилишдаги назорат” тизими ишга туширилиб, республика бўйича 32 800 нафар фойдаланувчи назорат фаолиятини юритмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида:
“электрон соғлиқни сақлаш” тизими доирасида 16 та янги ахборот тизимлари (“coronavirus.uz”, “Бемор”, “ПЗР-тест”, “Аудио скрининг” ва бшқ.) жорий қилинди. Шунингдек, 3 та ахборот тизими (“Сунъий интеллект”, “Ягона дарча”, “Kitactive”) тажриба сифатида ишга туширилди ҳамда “Электрон таълим”, “Вакцина логистикаси” каби электрон тизимлари жорий қилинмоқда.
Олий таълим тизимида:
Докторантурага кириш учун ўтказилган имтиҳон жараёнлари imtihon.edu.uz платформасида онлайн трансляция қилинди.
Касбий (ижодий) имтиҳон жараёнлари ҳам imtihon.edu.uz платформасида онлайн трансляцияси ташкил этилди.
Магистратурага қабулда 2-босқичли танлов жараёни йўлга қўйилиб, ҳужжатлар magistr.edu.uz платформасида онлайн шаклда қабул қилинди.
Иккинчи мутахассисликка ҳужжат топшириш учун ikkinchitalim.edu.uz, академик лицейларга ҳамда профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун litsey.edu.uz, kasb.edu.uz, kollej.edu.uz, texnikum.edu.uz ҳужжатларни онлайн топшириш платформалари ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 июндаги “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги ПҚ–5157-сон қарори билан талабалар ўқишини кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, тартибларни янада соддалаштириш механизмлари такомиллаштирилди.
Талабалар ўқишини кўчириш, тиклаш ва хориждан кўчиришда барча жараёнлар очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш махсус автоматлаштирилган онлайн дастур transfer.edu.uz ёрдамида амалга оширилди.
ОТМ фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, олий таълим тизимида жараёнларни автоматлаштириш, бюрократик тўсиқлар юзага келишини олдини олиш ва молиявий харажатларни қисқартириш мақсадида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” (HEMIS) ишлаб чиқилди.
Имтиҳон натижаларига кўра талабаликка тавсия этилмаган, бироқ табақалаштирилган тўлов-шартнома асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар учун онлайн шаклда ариза қолдириш ҳамда тўлов-шартномани онлайн қабул қилиш имконини берувчи t-kontrakt.edu.uz ахборот тизими ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Мазкур ахборот тизими Давлат тест маркази базаси билан интеграция қилинди ва абитуриентлар тўплаган бали бўйича контракт миқдори автоматик шакллантирилиши ҳисобига табақалаштирилган тўлов-шартнома миқдорини белгилаш билан боғлиқ коррупциявий ҳолатларнинг олди олинди.
ОТМлар талабалари ва профессор-ўқитувчилари томонидан коррупция ҳолатлари ҳақида аноним хабар қилиш имконини берувчи @anticoredu расмий телеграм боти фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, вазир ҳамда унинг ўринбосарларига бевосита ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллаш имконияти яратилди.
Давлат харидлари соҳасида:
2021 йил 22 апрелда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Қонунга асосан, 2022 йил 1 январдан бошлаб, барча давлат харидлари (энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш) тартиб-таомилларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказилиши жорий қилинди
Ҳозирда давлат харидлари махсус ахборот портали (http://xarid.uz) орқали амалга оширилади. Унда давлат харидларини режалаштириш, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш, давлат харидлари мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш жараёнлари тизимлаштирилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан яратилган яна бир платформа бу “E-anticor.uz” электрон платформасидир.
Мазкур электрон платформа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сон қарори асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Мазкур платформани яратишда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар инобатга олинди ва хорижий мамлакатлар тажрибаси, хусусан Жанубий Корея тажрибаси ўрганилди.
Электрон платформа давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида (давлат ташкилотлари) коррупцияга қарши курашиш бўйича тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш имконини беради.
“E-anticor.uz”нинг ўзига хос хусусияти бу маълумотларни автоматик қайта ишлаш ва ҳисоблаш бўйича сунъий интеллект технологиясидан фойдаланилганидир.
Электрон платформа мустақил равишда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган маълумотларни баҳолайди.
Бунда, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги
0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” тоифаларга ажратилади.
Яъни:
81 баллдан 100 баллгача тўплаган давлат ташкилоти – “яхши”;
55 баллдан 81 баллгача тўплаган давлат ташкилоти – “қониқарли”;
55 баллдан паст тўплаган давлат ташкилоти – “қониқарсиз” деб топилади.
Албатта, платформа томонидан берилган автоматик баллар Агентлик ва махсус жамоатчилик тузилмаси – Экспертлар гуруҳи томонидан кўриб чиқилади, баллар камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Қарор талабларидан келиб чиқиб, баҳолаш биринчи босқичда ўз тизимида коррупцияга қарши стандартларни жорий этаётган 24 та ташкилотда эксперимент тариқасида ўтказилди.
Мазкур рейтинг баҳолаш тизими йил якунига кўра барча давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти бўйича амалга оширилади ва жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
Бундан ташқари, Агентлик ахборот тизимлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига кирувчи бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотларнинг ахборот базаси ҳамда Очиқ маълумотлар портали билан ҳам интеграция қилинган.