КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ АГЕНТЛИГИНИНГ 2021 ЙИЛ АПРЕЛЬ ОЙИДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
Қонун лойиҳалари, давлат дастурлари ва стратегиялар юзасидан амалга оширилган ишлар
1.Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси 5 апрель куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва хулоса олиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилди. Тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига 2021 йил 26 апрелдаги хат орқали тақдим этилди.
2.Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилди.
3.“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаси ўзбек ва рус тилларида Вазирлар Маҳкамасига киритилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Олий Мажлис палаталарида муҳокама қилиш учун юборилди.
4.Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали келиб тушган эътирозлар ва таклифлар кўриб чиқилиб, келишмовчиликлар жадвали тайёрланди.
5.Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларнинг билдирган таклиф ва эътирозлари ўрганилиб тегишли тартибда келишмовчиликлар жадвали тайёрланди.
6.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сон Фармон иловасининг 34-банди ижросини (Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш) таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
“Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда бошқа соҳаларда ўтказилган ўрганишлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 8-банди, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг ижросини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти, хусусан, тизимда бюджет маблағларидан фойдаланиш ва қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш олиб борилмоқда.
Ўрганишлар Агентлик масъул ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасидан малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида Соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида амалга оширилган давлат харидлари жараёни ўрганилди.
Дастлабки натижаларга кўра, Тошкент шаҳар 1-сон юқумли касалликлар ва 3-сонли клиник шифохоналари харид комиссияси томонидан «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонунларнинг талаблари бузилганлиги аниқланган. Юқоридаги муассасалардаги ҳар иккала танлов қонун талаблари бузилган ҳолда ўтказилганлиги сабабли, Агентлик тақдимномаси асосида бекор қилинган.
Бундан ташқари, шифохона бош шифокорлари (харид комиссияси раиси) келгусида шу каби коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1758-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасида амалга оширилган давлат харидлари жараёнини ўрганиш натижалари бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига огоҳлантириш киритилди.
Давлат харидларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ижроси юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари учун Молия вазирлиги мутахассислари иштирокида “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш” мавзусида семинар ўтказилди.
Давлат харидлари соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржасида ўрганиш ўтказиш бўйича Агентлик директорининг тегишли Фармойиши қабул қилинди. Фармойиш ижроси юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ўтказишга киришилди.
Шунингдек, тижорат банкларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини жорий этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг чора-тадбирлар режаси ва таклифлари ишлаб чиқилди.
Қашқадарё вилоятида коррупциянинг олдини олиш, молиявий интизомни кучайтириш, бюджет даромадларини ошириш, энергия ресурсларидан қонуний фойдаланиш масалалари бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан 2020 йил 30 ноябрь куни тасдиқланган “Йўл харитаси” ижросининг дастлабки сарҳисоби ўтказилди.
2021 йил 28-30 апрель кунлари Агентлик масъул ходимлари ва Ҳисоб палатаси мутахассислари “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши бўйича ўрганишлар ўтказдилар.
Унинг натижалари жорий йилнинг 30 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Т.Ҳайдаров, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди.
Соҳавий ўрганишлар юзасидан
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида ўрганишлар якунланди. Хусусан, вазирлик ва унинг қуйи тизимида 2018-2020 йилларда 5033 та қонун бузилиши, шунингдек аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари учун ажратилган 154,4 млрд. сўм маблағлари мақсадсиз ва самарасиз сарфланганлиги аниқланган. Вазирлик ва унинг қуйи тизимларида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилишга қаратилган 15 та таклиф Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилиб, вазирликка тақдимнома киритилди.
Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида ўрганиш тамомланиб, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилишга қаратилган 58 та таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясига тақдим қилинди. Аҳолининг ҳуқуқ-тартибот органларига нисбатан муносабатини ифодаловчи 3 та умумлашма тайёрланди.
Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда ўрганиш тамомланди. Ўрганиш якунлари бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича Энергетика вазирлигига тақдимнома киритилди.
Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ва ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилишини Агентлик директорининг тегишли Фармойиши асосида ўрганишга киришилди.
Яширин иқтисодиёт ҳамда коррупцияга қарши “комплаенс- назорат” тизимини жорий этиш борасида
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги томонидан Ҳисоб палатаси билан биргаликда, яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш юзасидан 26 та вазирлик ва идораларда “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан 2020 йил 4 сентябрда тасдиқланган.
Ҳозирда “Йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида бошқарма ходимларига 26 та вазирлик ва идоралар тақсимот асосида бириктирилиб, “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан ҳар ой якунида тегишли вазирлик ва идоралардан ҳисоботлар қабул қилиниб, таҳлил қилиб борилмоқда.
Бундан ташқари, давлат органлари ва устав фондида давлат улуши
50 фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларда коррупцияга қарши ички назорат тизимини йўлга қўйишга масъул бўлган кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириб бориш тизими жорий этилиб, 1-босқичда (жорий йилнинг апрель ойи давомида) вазирлик ва идораларнинг 36 нафар ходимлари Бош прокуратура Академиясининг қисқа муддатли онлайн курсида ўқитилди. Ҳозирда, 2-босқичда ўқитиш режалаштирилган вазирлик ва идоралар ходимларининг рўйхати шакллантирилмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизими таркибидаги корхоналарнинг Коррупцияга қарши курашиш ва “комплаенс-назорат” бўлимига ходимларни ишга олиш бўйича ташкил этилаётган танлов жараёнларида онлайн иштирок этилиб, жараён тўлиқ назорат қилиб борилмоқда. Хусусан, апрел ойи давомида Жамиятнинг Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятлари учун танлов жараёнлари якунланди.
ОАВ билан ҳамкорлик
Апрель ойи давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолияти, аҳолида коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини шакллантиришга қаратилган мавзуларда оммавий ахборот воситаларида жами 165 маротаба чиқишлар ташкил этилди. Жумладан, 13 маротаба Агентлик фаолиятига оид лавҳалар давлат ва хусусий телеканалларда ёритилди. 36 маротаба чиқишлар ташкил этилди. Агентлик фаолиятига оид тадбирлар Ўзбекистон 24 радиосида 6 маротаба ёритилди.
Шу билан бирга “Ҳуррият”, “Ўзбекистон овози”, “Даракчи” газеталарида агентлик фаолиятига оид мақолалар чоп этилди:
Агентликнинг ўз веб-сайти ва ижтимоий тармоқларидаги чиқишлари. Агентлик расмий anticorruption.uz веб-сайтида ўтган вақт давомида 29 та хабар ва янгиликлар эълон қилинди.
Телеграм ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 19 та, фейсбукдаги расмий саҳифасида 17 та, Twitter 5 та материал жойлаштирилган.
Бундан ташқари агентлик томонидан ҳафта давомида амалга оширилган фоаолиятни кенг аҳолига етказиш мақсадида “Ҳафталик дайджест” тайёрланмоқда ва эълон қилиб борилмоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш таҳлили
Агентликка 2021 йил апрель ойида жами 479 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 416 таси кўриб чиқилиши таъминланган (ҳозирда 63 та мурожаат кўриб чиқилмоқда). Шундан, 17 та мурожаат Агентлик раҳбарияти томонидан ташкил этилган шахсий ва сайёр қабулларда келиб тушди. Келиб тушган мурожаатларнинг 59 таси ижобий ҳал этилган, 73 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган, 9 та мурожаат аноним деб топилган.
Мурожаатларда кўрсатиб ўтилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 10 та тақдимнома, 5 та огоҳлантириш, 46 та сўровномалар киритилган.
Натижада 1 та қарор бекор қилинган, 1 нафар шахсга маъмурий иш ва 1 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган,
1 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган,
2 та тендер натижалари бекор қилинган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Агентликка келиб тушаётган мурожаатларнинг аксариятида суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан норозиликлар ва турли соҳаларда коррупциявий ҳолатларнинг юз бераётганлиги тўғрисида ёзилган мурожаатлардан иборатдир. Жумладан, апрель ойида Агентликка қўйидаги соҳа ва йўналишлар бўйича мурожаатлар келиб тушди:
- суд қарорларидан норозиликлар 67 та (14,0%);
- ер майдони ажратилмаётганлиги, ер низолари ва ер майдонлари талон-тарож бўлаётганлиги бўйича 42 та (8,8%);
- ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликлар 35 та (7,3%);
- таълими соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 34 та (7,1%). (жумладан: 27 та Халқ таълими соҳаси бўйича; 1 та Олий таълим соҳаси бўйича; 6 та Мактабгача таълим соҳаси бўйича);
- давлат харидлари ва тендер савдолари жараёнидаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 25 та (5,2%);
- меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари бўйича 25 та (5,2%);
- маҳаллий ҳокимлик ходимлари ва мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликлар 21 та (4,4%);
- уй-жой ва коммунал соҳасидаги муаммолар юзасидан
21 та (4,4%);
- айрим хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг хатти-ҳаракатларидан норозиликлар масаласида 17 та (3,5%);
- соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари ва тиббиёт ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан 17 та (3,5%);
- прокуратура органлари қарорларидан норозиликлар ва прокуратура органларига қилинган мурожаатлар ҳал бўлмаётганлиги бўйича 14 та (2,3%);
- ноқонуний қурилишлар масаласида 14 та (2,9%);
- мажбурий ижро бюроси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва ижро ҳужжатларнинг бажарилмаётганлиги бўйича 11 та (2,3%);
- банк ходимлари хатти-ҳаракатидан норозиликлар 10 та (2,2%);
Шунингдек, мазмунига кўра Агентликка муқаддам келиб тушмаган янги масалалар бўйича фуқаролар томонидан мурожаатлар қилинмоқда, жумладан, табиий офатлардан зарар кўрганлиги бўйича компенсация маблағларини ундиришга амалий ёрдам беришни сўраб 13 та (2,8%) мурожаат қилинган.
Улар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда Тошкент шаҳар 116 та, Қашқадарё 51 та, Сурхондарё 42 та, Тошкент вилояти бўйича 39 та, Самарқанд 37 та, Наманган 35 та, Навоий 27 та, Хоразм 26 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатлар асосида ўтказилган тадбир ва ўрганишларни айрим мисоллари:
Ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Олтинсой тумани 4-сон умумтаълим мактаби директори ўринбосари ва бошқа масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми“б” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тақдимнома шифохона харид комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, танлов натижаларини ва аввал тузилган шартномани бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Мурожаат асосида Агентлик томонидан танлов ҳужжатлари ўрганилиб, натижаси бўйича шифохона харид комиссиясига танловни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилди. Тақдимнома шифохона харид комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, танлов натижаларини ва аввал тузилган шартномани бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилган ишлар
Агентлик томонидан 2021 йил апрель ойи давомида халқаро ҳамкорлик йўналишида қуйидаги ишлар амалга оширилди ҳамда қатор масалаларда келишувларга эришилди.
Хусусан, 1 та халқаро анжуман ўтказилди, 2 та Агентлик раҳбарияти ва 9 та эксперт даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди:
2 апрель куни БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган Халқаро маслаҳатлашув йиғилиши ташкил этилди. Мазкур тадбирда 80га яқин халқаро ташкилотлардан вакиллар иштирок этишди.
13 апрель куни Агентлик директори Акмал Бурхановнинг Украина коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси директори А.Ситник ва Украина Коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги раҳбари А.Новиковлар билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида томонлар Украинанинг коррупциянинг олдини олишдаги амалиёти ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташрифларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорлик асосида яратиш мақсадида уч томонлама Меморандум лойиҳани ишлаб чиқишга келишдилар.
26 апрель куни Агентлик директорининг донорликни мувофиқлаштириш мақсадида бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқотда халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик қилиш йўналишларини ўзаро мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якуни бўйича Донорликни мувофиқлаштириш гуруҳини тузиш ва бу масалада Агентлик томонидан Гуруҳ иши концепцияси тузилиши ҳамда барча ташкилотлар билан ишлаш режалаштирилган соҳалар бўйича жадвал билан биргаликда ҳамкор ташкилотларга тақдим этилишини белгиланди.
Бундан ташқари апрель ойи давомида АҚШнинг Федерал суд маркази халқаро ҳуқуқий алоқалар бошқармаси, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси, Коррупцияга қарши курашиш органлари халқаро ассоциацияси, БМТ Гиёхванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ АГЕНТЛИГИНИНГ ФЕВРАЛЬ ОЙИДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ
2021 йилнинг февраль ойи давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қонунчиликни такомиллаштириш, соҳалардаги коррупцион хавф-хатарларни ўрганиш, аҳолида коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириш, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар мурожаатларини ўрганиш йўналишларида бир қатор ишлар олиб борилди.
Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан амалга оширилган ишлар
Агентлик фаолиятининг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва коррупцион ҳолатлар юзасидан маълумотлар алмашиш, тезкор тадбирлар ташкил этиш каби масалаларни қамраб олувчи “Агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳаси белгиланган тартибда ўтказилган ҳуқуқий экспертиза натижалари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда келишмовчиликлар жадвали тайёрланиб, Адлия вазирлигига юборилди.
“Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари ва бошқа соҳалар доирасидаги ўрганишлар
1. Навоий ва Андижон вилоятлари ҳокимликларидаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ва ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Аниқланишича, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари томонидан ўтказилган танлов ва тендерларда аффилланганлик ҳолатлари мавжудлиги, танлов ва тендерларни ўтказиш жараёнларида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонуности норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар талаблари бузилган.
Шунингдек, фойдаланишга топширилган биноларда назорат ўлчови ўтказилганда қурилиш объектларида белгиланган ишларнинг етарли бажарилмагани (камомад) аниқланди. Бундан ташқари 7 та ҳолатда суғурта полислари мавжуд бўлмаган ҳолда 9,6 млрд. сўмлик қурилиш объектлари молиялаштирилганлиги аниқланди.
Ўрганиш якунлари бўйича Бош прокуратурага юборилган сўровномалар асосида 4 та жиноят иши қўзғатилган.
2. Агентлик директорининг Фармойиши асосида Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида ҳамда уставида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган сув хўжалиги соҳасидаги давлат корхона, муассаса ва ташкилотларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва тегишли баҳо бериш йўналишидаги ишларнинг умумий ҳолати ўрганилди.
Хусусан, ўрганишда Норин-Қорадарё ирригация тизимидаги ирригация бўлими мансабдор шахслари томонидан бюджет ҳисобидан ажратилган иш ҳақларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган бўлиб, ўрганиш якуни бўйича бўлим мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида вазирликнинг қуйи тизимларида коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш Агентликка юклатилди. Шунга кўра, Агентлик томонидан Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказилмоқда. Жумладан, февраль ойи давомида Агентлик вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида тегишли чора-тадбирларни амалга оширди.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2020 йилнинг 6 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича қатор вазифалар юклатилган. Шу муносабат билан, февраль ойи давомида Агентлик вакиллари томонидан жойлардаги тиббиёт муассаслари, оилавий поликлиникаларда тушунтириш ва тарғибот ишлар олиб борилди.
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йил февраль ойи давомида жами 491 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 404 тасининг кўриб чиқилиши таъминланган (ҳозирда 87 та мурожаат кўриб чиқилмоқда).
Келиб тушган мурожаатларининг 29 таси ижобий ҳал этилган, 61 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган, 18 та мурожаат аноним деб топилган.
Мурожаатларда кўрсатиб ўтилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 4 та тақдимнома, 1 та огоҳлантириш, 24 та сўровномалар киритилган.
Шундан 1 та мурожаат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, 1 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган, 1 нафар шахсга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Февраль ойида Агентликка қуйидаги соҳа ва йўналишлар бўйича мурожаатлар келиб тушган. Жумладан, суд қарорларидан норозиликлар 69 та (14,1%), ер майдони ажратилмаётганлиги, ер низолари ва ер майдонлари талон-тарож бўлаётганлиги бўйича 47 та (9,6%), ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликлар 44 та (9,0%), прокуратура органлари қарорларидан норозиликлар ва прокуратура органларига қилинган мурожаатлар ҳал бўлмаётганлиги бўйича 34 та (6,9%), айрим хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг хатти-ҳаракатларидан норозиликлар масаласида 30 та (6,1%) ва бошқа йўналишларда мурожаатлар келиб тушган.
Улар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда Тошкент шаҳри бўйича 116 та, Тошкент вилояти бўйича 60 та, Сурхондарё вилояти бўйича 57 та, Самарқанд вилояти бўйича 53 та, Қашқадарё вилояти бўйича 41 та, Хоразм вилояти бўйича 33 та, Наманган вилояти бўйича 24 та, Жиззах вилояти бўйича 22 та, қолган ҳудудлардан эса жами 85 та мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаатлар асосида ўтказилган тадбир ва ўрганишлар
Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи фуқаро Ф.Х. “Навоий мулк маркази” МЧЖ Навоий филиали томонидан “Хатирчи Агросервис МТП” МЧЖ устав фондидаги “Навоий Агросервис МТП” МЧЖга тегишли бўлган улушнинг сотилиши бўйича ўтказилган танлов натижасидан норозилиги ҳақидаги аризаси мазкур танлов ҳужжатларини чақириб ўрганиш орқали кўриб чиқилди. Ўрганиш натижасида “Навоий мулк маркази” МЧЖ Навоий филиали томонидан ўтказилган танлов юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига тўлиқ риоя қилинмай, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар сўровнома шаклида қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилди.
Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро М.И.ни аризасида Шайхонтоҳур тумани А.Қодирий кўчасида автобус тўхташ бекатида олиб борилаётган қурилиш (қайта таъмирлаш) ишлари белгиланган лойиҳа-смета ҳужжатларидан четга чиқилган ҳолда олиб борилаётганлиги ҳақидаги важлари Агентлик томонидан Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилиб, ноқонуний қурилиш жойида бартараф этилиши таъминланди. Шунингдек, белгиланган лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқиб кетилгани сабабли, Шайхонтоҳур туман ҳокимининг 2020 йил 16 октябрдаги 700-сонли қарори бекор қилинди.
Айрим мурожаатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қабул қилинган қарорлар иш материалларини чақириш йўли билан ўрганилиб, муносабат билдирилиши таъминланди. Масалан, Агентлик томонидан фуқаро И.Т.нинг мурожаати бўйича жиноят иши ҳужжатлари ўрганилганда, бир қатор ҳолатлар тергов йўли билан текширилиб, қонуний баҳо берилмаганлиги, аниқланмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига иш ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф қилиш ҳақида сўровнома киритилди.
Жамоатчилик билан алоқалар ҳамда ОАВларида чиқишлар
Февраль ойи давомида Агентлик фаолияти, шунингдек, аҳолида коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини шакллантиришга қаратилган мавзуларда оммавий ахборот воситалари орқали жами 103 маротаба чиқишлар ташкил этилди.
Жумладан, веб-сайтларда 31 маротаба агентлик ҳақида янгилик ва мақолалар чоп этилган. Уларнинг аксарияти Агентлик ва ҳамкорлар томонидан амалга оширилган тезкор тадбирларга (Самарқанд, Андижон) оид хабарлардир.
Шу билан бирга жойларда ташкил этилаётган ички ишлар органлари тизимидаги ўрганишлар Ички ишлар вазирлигининг расмий сайти ва ҳудудий бошқармалари сайтида ёритиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Коррупция – тараққиётга қарши жиноят” мавзусида қисқа метражли видеороликлар тайёрланиб, “Ўзбекистон кабель телевидениеси”, “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Маҳалла”, “Тошкент” ва ҳудудлар ТРКлари орқали эфирга узатилди. Шунингдек, республика миқёсида шаҳар марказлари ва аҳоли гавжум жойлардаги электрон таблоларда тарғибот материаллари жойлаштирилди.
Халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилган ишлар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йил февраль ойи давомида халқаро ҳамкорлик йўналишида қуйидаги ишлар амалга оширилди ҳамда қатор масалаларда келишувларга эришилди.
Хусусан, Агентлик раҳбарияти ва вакиллари иштирокида 10 га яқин учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси, ИҲТТ Коррупцияга қарши курашиш тармоғи раҳбари, Халқаро валюта жамғармаси масофавий миссияси, Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари, Хитой Халқ Республикаси Миллий назорат комиссияси раиси билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Буюк Британия ва Хитой элчилари билан учрашув давомида тегишли давлатлар ваколатли органлари билан профессионал алоқаларни йўлга қўйиш муҳокама қилинди.
Жаҳон Банки, ИҲТТ, Халқаро валюта жамғармаси ва USAID вакиллари билан учрашув давомида Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш тизимини ташкилотлар кўмагида ривожлантириш юзасидан қатор масалалар муҳокама қилинди.
22 февраль куни Агентлик директори Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасини Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг коррупцияни қабул қилиш индексидаги ўрнини яхшилаш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Агентлик томонидан қуйидагилар амалга оширилмоқда:
- БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини Ўзбекистонда амалга оширилиши доирасида 2-босқич обзорини ўтказиш юзасидан Конвенция обзори доирасида баҳолаш назорат рўйхати (саволнома) асосида тегишли вазирлик ва идоралардан керакли маълумотлар қабул қилиниб, уларни умумлаштириш ишлари олиб борилмоқда;
- Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Истанбул ҳаракатлар режаси доирасидаги 5-раунд мониторингидан ўтказилиши юзасидан методологик ўрганиш ва ташкилий чоралар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг Иштирокчи-давлатлари коррупцияга қарши курашиш идоралари ва омбудсманларининг 4-йиғилишини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси томонидан 2020 йилда тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича “Йўл харитаси”нинг давлат органлари томонидан январь-февраль ойларида амалга оширилиши Агентлик томонидан мониторинг қилиниб, тегишли маълумотлар асосида Миллий кенгашга маълумотнома тайёрланмоқда.