Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига амалга оширган ташрифлари давомида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда берилган топшириқлар, шунингдек бюджет даромад ва харажатлари натижадорлиги ҳамда бюджет интизомининг таъминланиши бўйича белгиланган бошқа вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ҳудуддаги қатор туман ва шаҳарларда ўрганишлар олиб борилди.
Жорий йилнинг 11–19 ноябрь кунлари Агентлик ва Ҳисоб палатаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ҳудудда коррупциянинг олдини олиш, молиявий интизомни кучайтириш, бюджет даромадларини ошириш, энергия ресурсларидан қонуний фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи сабаблар ва уларнинг олдини олишга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича тегишли ишлар олиб борилди.
Ўтказилган ўрганиш натижалари жорий йилнинг 23 ноябрь куни вилоят мутасаддилари иштирокида халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашида муҳокама қилинди. Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан вилоятда коррупцион ҳолатлар тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, 2019 йил 12 ойи давомида вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупция билан боғлиқ 51 та ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, шундан судларга юборилган 46 та жиноят ишлари бўйича 58 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, 2020 йилнинг 9 ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупция билан боғлиқ 44 та ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, шундан судларга юборилган 16 та жиноят ишлари бўйича 28 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Ушбу жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар асосан ҳоким ўринбосари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, мактабгача таълим, МИБ, банк, солиқ ҳамда бошқа идоралар вакилларидан иборат эканлиги айтиб ўтилди.
Жумладан, Қарши шаҳар Халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаб келган Б. шаҳар Халқ таълим бўлими бош ҳисобчиси О. ва бошқалар билан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, бюджет маблағларини талон-торож қилиш мақсадида 2019 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда қалбаки ҳужжатлар асосида гўёки танлов ўтказилганлиги тўғрисида ҳужжатларни расмийлаштириб, жами 240,5 млн сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Халқ таълими бўлими мудири Б. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ўтказилган дастлабки тергов ҳаракатлари натижасига кўра, уларга нисбатан бўлган жиноят иши судга оширилган.
Умуман олганда, Қашқадарё вилоятида 2019 йилнинг 12 ойи давомида коррупцион жиноятлар оқибатида етказилган зарар 3 млрд. 893 млн. сўмни ташкил қилиб, етказилган зарарнинг 3 млрд 620 млн. сўмлик (92,9%) қисми қопланган. 2020 йилнинг 9 ойи давомида эса коррупцион жиноятлар оқибатида етказилган 5 млрд 138 млн. сўмни ташкил этиб, унинг 3 млрд 740 млн. сўми ёки (72,7%) қисми қопланган.
Йиғилишда Ҳисоб палатаси томонидан ҳам вилоятда аниқланган молиявий қонунбузилишларни содир этишда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омилларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ижтимоий соҳа харажатлари, айниқса иш хақи маблағларини нақд пул кўринишида ва пластик карталар орқали ўзлаштириш, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган ҳолда товар ва хизматларни қиммат нархларда сотиб олиш ҳолатлари аниқланди.
Бундан ташқари, инвестицион дастурлар доирасида ажратилган маблағларни, шу жумладан қурилиш маблағларини ноқонуний ишлатиш, яширин иқтисодиёт орқали ноқонуний даромад олиш, электр энергия ва табиий газдан ноқонуний фойдаланишга йўл қўйилган.
Ўрганишлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг 9 ойи давомида молиявий назорат органлари томонидан ижтимоий соҳада, яъни мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, тизимидаги 333 та муассасаларда жами 34 млрд. сўмлик камчилик ва талон-тарожликлар аниқланган.
Йиғилишда вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида ҳам аниқланган бир қатор хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши юзасидан ўтказилган ўрганишларда 10 та объектда 23 млрд. сўмлик жиддий камчиликлар мавжуд бўлиб, натижада ичимлик суви таъминоти яхшиланмаган.
Бундан ташқари, карантин қоидаларини бузганлик учун ИИОлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомаларнинг Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси томонидан белгиланган тартибда кирим қилиниши ҳолати ўрганилди.
Аниқланишича, 2020 йил 15 ноябрь ҳолатига ИИОлари томонидан карантин қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-54 моддалари тартибида жами 39 минг 712 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилган бўлсада, айнан шу кун ҳолатига вилоят Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси ва унинг тизимларида уларнинг фақатгина 26 минг 107 таси кирим қилинганлиги ёки 13 минг 605 та маъмурий баённомалар келиб тушмаган ёхуд кирим қилинмаган. Бунинг натижасида қарийб 15 млрд сўм миқдоридаги жарималар ҳисобга олинмаганлиги ва бюджет тушумларида қайд қилинмаганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан вилоят прокуратурасига белгиланган тартибда ўрганиш ўтказиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Танқидий руҳда ўтган муҳокамаларда мазкур йўналишларда ҳудудий молиявий назорат органлари томонидан ўтказилаётган текширишлар самарадорлиги етарли даражада эмаслиги ҳам танқид қилинди.
Йиғилиш якунида кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш ва келгусида яширин иқтисодиёт, коррупция ва бюджет маблағларини талон-тарож қилинишининг олдини олиш мақсадида тегишли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши ва унинг ижроси вилоят депутатлари томонидан назорат қилиб борилиши белгиланди.