Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Олий суд ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Одил судловни таъминлаш – Ўзбекистонни коррупциядан холи ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили” мавзусида конференция ташкил этилди.
“9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” арафасида, Агентликнинг “Антикоррупция ҳафталиги” доирасида ўтказилган тадбирда Олий суд, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Судьялар олий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммилий ҳаракати вакиллари иштирок этди.
Тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ҳаётга самарали татбиқ этишда тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда парламент вакиллари олдида турган вазифаларни белгилаш ва ушбу йўналишда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш ҳамда одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Одил судловни ва суд тизиминининг мустақиллигини таъминлаш ўз навбатида мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамловчи асосий индикаторлардан бири ҳисобланади. Бу бўйича БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йилдаги мамлакатимиздаги ташрифи давомида билдирган тавсияларини ва бошқа халқаро ҳужжатлардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш масаласини ҳам ҳамкорликда кўриб чиқиш масаласи таъкидланди. Мазкур тавсиялар мамлакат рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш билан бирга, соҳада коррупциоген ҳолатни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Эътироф этилганидек, суд тизимида, умуман барча соҳаларда коррупцияга қарши курашнинг самарали воситаси бу очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инсон омилини чеклаш ҳисобланди. Бу борада ҳам суд тизими биринчилардан бўлиб фаолияти очиқлигини таъминлаган, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жалб этган тузилма ҳисобланади. Бунда “Е-суд” платформаси, видекоконфренцалоқа орқали ташкил этилаётган суд жараёнлари бунга мисол бўла олади.
Шунингдек, барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, аризалар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имкониятини яратучи янги тизим ишга туширилаётгани ҳамда барча судларни видеоконфренц алоқа тизими бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам суд жараёнларида коррупция омили камайишига сабаб бўлиши билдирилди.
Сўзга чиққанлар, суд соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасидаги ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, ҳали фуқаролар розилигига эришиш учун қиладиган ишлар етарли эканлигини қайд этишди. Сўнгги вақтда суд тизимида ҳам айрим коррупциоген ҳолатлар учраб турибди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан суд тизимида содир этилаётган коррупцион ҳатти-ҳаракатларни таҳлил қилинганда пора олиш-бериш билан боғлиқ жиноятлар, манфаатлар тўқнашуви ҳамда судьялар томонидан одоб-аҳлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари кузатилган.
Бундан ташқари Агентлик ташкил этилганидан бери келаётган мурожаатлар таҳлил қилинганда, энг кўп қисми, яъни 20 фоизи суд қарорлари юзасидан келиб тушганини кўриш мумкин.
Шу каби салбий ҳолатларни камайтириш мақсадида тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ҳамкорлик келишуви имзолаш масаласи ҳам муҳокама этилди. Келишувда соҳани такомиллаштиришга оид бир қатор долзарб масалалар белгиланиши лозимлигига эътибор қаратилди. Жумладан, коррупциоген омилларни бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш, мамлакатнинг Ҳуқуқ устуворлиги индекси (The Rule of law index) ва Коррупцияни қабул қилиш индекси (The Corruption perceptions index) бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш мақсадида бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш каби вазифалар ўрин олиши лозимлиги таъкидланди. Бундан ташқари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш, суд тизимидаги коррупция ҳолатларини тизимли таҳлилини амалга ошириш ҳамда аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари белгиланиши бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
Энг асосий йўналишлардан бири сифатида суд тизими ходимлари ўртасида одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қилиш, коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантиришда, коррупцияга қарши кураш соҳасида фаолият юритувчи кадрлар малакасини оширишга кўмаклашиш масаласи қайд этилди.
Конференция якунида соҳани такомиллаштириш бўйича иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Билдирилган муҳим мулоҳазалар эътиборга олинган ҳолда, ҳамкорликнинг келгуси фаолият йўналишларини белгилашда фойдаланилиши маълум қилинди.