Жорий йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура Академияси ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида “Ҳалоллик вакцинаси” ни жорий этиш масалалари” мавзусида халқаро семинар ташкил этилди. Мазкур тадбир “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” арафасида, Агентликнинг “Антикоррупция ҳафталиги” доирасида ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати, БМТ Тараққиёт дастури ва Жаҳон банки вакиллари ҳамда, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари, АҚШ Федерал аппеляцион судьяси ва бошқа бир қатор хорижий экспертлар иштирок этди.
Тадбир давлат хизматида коррупцион ҳатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, давлат хизматчилари фаолиятига ҳалоллик вакцинасини тадбиқ этишнинг механизмини жорий этишнинг маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар иштирокида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил 24 январдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасида аҳолининг барча қатламлари, жамиятнинг барча аъзолари коррупцияга қарши курашишда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши зарурлиги масаласида фикр билдирилган эди.
Эътиборлиси, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонида ҳам давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш Агентликнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди.
Семинарда тегишли мутасаддилар ва халқаро ҳамжамият вакиллари, экспертлар томонидан айни шу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бундан ташқари тадбирда Агентлик томонидан ишлаб чиқилган “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасининг тақдимоти ҳам ташкил этилди.
Таъкидланганидек, Давлат хизматчиларининг мулкий декларация тизими коррупциянинг олдини олиш, ноқонуний бойиш ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашнинг самарали воситасидир. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 160 дан ортиқ мамлакат активлар декларацияси талабларини жорий этган.
Мазкур қонун лойиҳаси ҳам мамлакатимизда давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишни кўзда тутади. Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви, шахсий манфаат, совға, коррупцияга қарши талаблар, декларация субъектлари, оила аъзоси, яқин шахслар ва юридик шахснинг бенефициар мулкдори каби асосий тушунчаларга таъриф келтирилган.
Семинар давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилган “Коррупцияга қарши курашиш лабораториялари” лойиҳасининг ҳам намойиши ташкил этилди.
Мазкур лойиҳада коррупцияга оид жараёнларни аниқлаш ва назорат қилиш бўйича кенг жамоатчиликнинг иштироки билан доимий равишда ишлайдиган лабораторияларни ташкил этиш кўзда тутилган. Лаборатория фаолияти доирасида танланган ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган ва коррупцияга оид хавф-хатарларни комплекс таҳлил қилиш, идрок этишни баҳолаш, коррупция занжирининг барча поғоналар ва ҳар бир йўналишлар бўйича аниқлаш, танланган ҳудудларда коррупция даражасини пасайтириш мақсадида қонунчиликни ва ислоҳотлар йўналишини ўзгартириш учун тавсияномалар билан комплекс ҳисобот тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа доирасида, дастлаб болаларни бошланғич синфга қабул қилиш, мактабларда ишга қабул қилиш ва дарс соатлари тақсимоти, синф, мактаб жамғармаларини ташкил этиш, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими соҳасидаги коррупция, абитуриентларни олий ўқув юртларига қабул қилиш, ўқитувчилар ва талабалар ўртасида порахўрлик каби йўналишларда ўрганишлар ва таҳлиллар ўтказиш кўзда тутилган.
Саволлар ва таклифларга бой ўтган семинарда халқаро экспертлар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ташаббусларни эътироф этган ҳолда соҳани янада такомиллаштириш, фуқаролик жамиятлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини беришди.