Аввал хабар берилганидек, 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини кенг нишонлаш мақсадида илк маротаба юртимизда “Антикоррупция ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур ҳафталик доирасида ташкил этилган навбатдаги тадбир коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги глобал тенденциялар муҳокамасига бағишланди.
"Давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияни олдини олиш: муаммолар ва уларнинг ечимлари" мавзусидаги мазкур глобал анжуман Бош прокуратура Академияси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори ва бошқа тузилмалари раҳбарлари, Малайзия, Болгария, Украина, Қозоғистон давлатларининг коррупцияга қарши курашувчи масъул идоралари вакиллари ва бошқа бир қатор хорижий экспертлар иштирок этди.
Анжуманда дастлаб, Ўзбекистонда фаолият юритаётган, коррупцияга қарши курашиш соҳасида лойиҳаларни амалга ошираётган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар учун мазкур соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Таъкидланганидек, жорий йилда Президент Фармони билан Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини мувофиқлаштирувчи орган ташкил этилди, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши тузилди. Агентлик томонидан соҳани тартибга солишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Аҳоли фикрини ўрганган ҳолда коррупция энг кўп учраётган тизимларга “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси татбиқ этилмоқда. Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш бўйича ва халқаро хужжатлардаги соҳага оид нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалалари бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шундан кейин Глобал анжуман ўз ишини иккита шўъбага бўлинган ҳолда давом эттирди.
Биринчи шўъбада “Тармоқлар кесимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш: муаммолар ва ривожланиш тенденциялари” муҳокама қилинган бўлса, иккинчи шўъбада “Давлат органларида коррупция ҳавф-хатарини баҳолаш: уни амалга ошириш усул ва услублари” иштирокчиларнинг диққат марказида турди.
Мазкур шўъбаларда “комплаенс-назорат” тизимининг вазирлик ва идораларда жорий этилиш ҳолати, давлат органлари ва ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини мониторинг қилиш ҳамда самарадорлигини баҳолаш имконини берувчи электрон платформани ишга тушириш, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилини камайтириш каби мавзуларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, бюджет маблағларининг самарали сарфланиши, ҳаражатларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаш муҳимлиги таъкидланди.
Маҳаллий бюджет маблағларининг самарали сарфланишида жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида синов тариқасида вилоятларда жамоатчилик вакилларидан иборат “Антикоррупция гуруҳлари”ни шакллантириш ҳамда давлат органлари томонидан бюджет маблағларининг самарали сарфланишини рейтинг асосида баҳолаш тизимини яратиш кўзда тутилгани қайд этилди.
Тадбир якунида халқаро экспертлар мазкур йўналишда амалга оширилган ишларни эътироф этган ҳолда, соҳани янада такомиллаштириш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини самарали қўллаш масалалари бўйича таклиф ва тавсияларини беришди.