Жорий йилнинг 15 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзян Янь хоним билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда коррупцияга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, Хитой ва Ўзбекистон ваколатли органлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, қонун ижодкорлиги ва илмий тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Агентлик директори Акмал Бурханов коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини, 2020 йилда соҳага оид муҳим ташкилий, дастурий ҳужжатлар қабул қилиниб, алоҳида мустақил идора ташкил этилганини қайд этди. Шунингдек, Агентлик томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар, хусусан, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўналиши бўйича маълумот берди.
Ўз навбатида Цзян Янь хоним Хитой Халқ Республикаси ҳам мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, икки тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини маълум қилди. Хусусан, ХХРдаги коррупцияга қарши курашиш, давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулкини декларация қилинишини ташкиллаштиришга масъул органлар ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашда Элчихона ўз кўмагини кўрсатишга тайёрлигини айтиб ўтди.
Учрашув конструктив мулоқот руҳида бўлиб ўтди.