Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида “Давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олишга қаратилган самарали чораларни белгилаш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги Қўшма қарори имзоланди.
Томонлар мазкур Қўшма қарор ваколатлари доирасида қуйидагиларни амалга оширади:
– давлат фуқаролик хизматида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича самарали ички назорат тизими («комплаенс-назорат») ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш, замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб бориш тизимини жорий этиш;
– давлат фуқаролик хизматчиларининг коррупцияга тоқатсиз муносабатини шакллантириш мақсадида малака ошириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш бўйича режали дастурларни ишлаб чиқиш;
– давлат фуқаролик хизматида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган самарали воситаларни жорий этиш орқали миллий бошқарув тизими ҳамда кадрлар маъмуриятчилигининг халқаро рейтингларда нуфузини ошириш ва бошқалар.
Томонлар ушбу тадбирларни амалга оширишда бир-бирлари билан маълумотлар алмашиш, коррупциянинг олдини олиш бўйича қўшма тадбирларни, шу жумладан семинарлар, давра суҳбатларини ўтказиш, шунингдек коррупциянинг олдини олиш соҳасида давлат фуқаролик хизматчилари учун тренинглар ва ўқув курсларини ўтказиш чораларини кўрадилар.
Қўшма қарор доирасидаги қатор вазифалар белгиланди. Хусусан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан қуйидагилар амалга оширилади:
- давлат фуқаролик хизматида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб боришга қаратилган давлат сиёсатини шакллантириш ва мониторинг қилишда ҳамкорлик қилиш;
- давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга тоқатсиз муносабатни шакллантиришга қаратилган махсус ўқув дастурларини ташкил этиш орқали коррупциянинг барча турдаги кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;
- замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш;
- давлат фуқаролик хизматида коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлигини таъминлаш юзасидан илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
- давлат фуқаролик хизматида ишга қабул қилишда ҳар бир лавозим учун малакали кадрлар танлашнинг аниқ шартлари ва баҳолаш мезонларини ҳамда хизматни тугатишнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш.
Қўшма қарор доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қуйидагилар амалга оширилади:
- давлат фуқаролик хизматида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
- давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир аниқ ва манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
- давлат фуқаролик хизматида коррупцияга мойил соҳаларни белгилаш, уларнинг вужудга келиш сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш юзасидан ўрганишлар олиб бориш ва таклифлар тайёрлаш;
- давлат фуқаролик хизматида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича самарали чораларни жорий этиш орқали мазкур соҳада давлат органлари ва ташкилотларини халқаро рейтингларда нуфузини ошириш.
Ҳамкорликни самарали амалга ошириш мақсадида Томонлар ўз вакилларидан иборат ишчи гуруҳларини тузиш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари мутахассисларини жалб қилиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳужжатлар ва йўл хариталарида белгиланган вазифаларни ўз вақтида, самарали бажарилишини ташкил этиш мақсадида қўшма режаларни қабул қилишлари ҳам мумкин.