Жорий йилнинг 26 октябрь куни Коррупция қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети Президенти Сабури Харуони қабул қилди.
Учрашув аввалида хорижий меҳмон Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайлов жараёни ҳамда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб ўтди. Жумладан, сайлов участкаларида яратилган шарт-шароитлар, электрон тизим ва овоз бериш тартиби экстерриториал тартибда жорий этилганлигини ва бу каби қулайликлар Японияда ҳам жорий этилмаганлигини таъкидлади.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Нагоя иқтисодиёт университети ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, С.Харуо Ўзбекистонда инновацион япон марказини ишга тушириш, шунингдек, япон университетларидан бирининг филиалини ташкил этиш каби ўз режаларини билдириб ўтди.
Маълумот учун: Бугунги кунда Ўзбекистонда Тошкент давлат юридик университети қошида Нагоя университети ҳамкорлигида очилган Япон ҳуқуқини тадқиқ этиш маркази, Тошкент давлат техника университети қошида Ўзбекистон-Япония ёшлари инновацион маркази, Тошкент ахборот технологиялари университетида Япония кўмагида ташкил этилган Ўқув медиа-маркази фаолият олиб бормоқда.
Шу билан бир қаторда, Агентлик директори коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар, бунда Агентликнинг ўрни ва фаолияти билан атрофлича таништириб, Нагоя университети билан келгусида ҳамкорлик қилиш йўналишлари тўғрисида фикр билдирди.
Учрашув якунида ҳамкорлик истиқболлари белгиланиб, келгусида давлат хизматчилари учун тренинг ва семинарлар ташкил қилиш, қўшма тадқиқотларни амалга ошириш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида япониялик эксперт-маслаҳатчини жалб этиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди.