Ассалому алайкум! Бугунги брифинг давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олий ва ўрта махсус таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтаман.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида олий таълим тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш белгилаб берилган эди.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, тадбиқ этилишига эришилмоқда.
Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва унинг қуйи тузилмаларида коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш ва мувофиқлаштиришга масъул бўлган бўлинмалар фаолияти йўлга қўйилди.
Тизимда бўш иш ўринларига номзодларни ишга қабул қилиш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, коррупциявий жиноятлар ҳақида хабар бериш тартиби ҳамда давлат харидларини амалга оширишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини ўзида ифодалаган 13 та ички идоравий ҳужжатлар халқаро стандартларга мос равишда қайта қабул қилиниши таъминланди.
Ўтган давр мобайнида олий таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мавзусида 135 та профилактик тадбир, 1.281 та давра-суҳбати, семинар, маърифий тадбирлар, 380 та танлов ташкил этилиб, уларда 20 минг нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи, 170 минг нафарга яқин талаба ва ёшлар ҳамда 320 нафар маърузачи-тренерлар қамраб олинди.
Шунингдек, телеграм ижтимоий тармоғида махсус бот фаолияти йўлга қўйилиб, у орқали олий таълим вазири ва унинг ўринбосарларига мурожаат йўллаш имконияти яратилди. Малакавий иш ва диссертацияларнинг электрон базаси яратилди ва олий таълим муассасаларида плагиатга қарши дастурлар жорий қилинди. Илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириш билимини баҳолаш тўлиқ электронлаштирилди ва муқобил малака ошириш турлари жорий этилди.
Олий таълим тизимида ўтказиладиган тендерлар ҳамда савдо танловларининг шаффоф, очиқ ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида тизимда бюджет маблағларини сарфлаш бўйича Олий ва ўрта таълим вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат бошқармасига вазирлик тизимидаги муассасаларнинг маълумотлар базасидан “ЎзАСБО” дастурий мажмуаси воситасида масофадан туриб кузатиб бориш ҳуқуқи берилди.
Таъкидлаш жоизки, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган мазкур тадбирлар натижасида соҳада қонунбузарликлар камайишига эришилди.
Маълумот учун: 2019 йилда олий таълим соҳасида 142 та жиноятлар содир этилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 39 фоизга (87 та) ёки жиноят содир этган шахслар сони 35 фоизга камайган. 2021 йилнинг 6 ойида бу кўрсаткич 16 тани ташкил этиб, унда иштирок этганлар 26 нафардан иборат бўлди.
Давлат молиявий назорати департаменти ҳамда вазирлик ички аудит хизмати томонидан олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2019 йилда аниқланган молиявий қонунбузарликлар қарийб 20 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 66 фоизга камайган. 2021 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 5,2 млрд. сўмни ташкил этган.
2019-2021 йилларда ўтказилган профилактик тадбирларда 793 та таълим муассасаларида 17,9 млрд. сўмлик бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланишининг олди олинди. Ҳудудлардаги ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан 2021 йилнинг 1-ярмида 205 та таълим муассасасида молиявий назорат ва профилактик тадбирлар ўтказилди.
Назорат тадбирларида 11,5 млрд. сўмдан зиёд молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Шундан 4 млрд. сўмга яқин маблағларнинг қайтарииши таъминланган. Яъни, қарийб 5 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинди.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 6 та 1 млрд. сўмдан ортиқ харажатлар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди. Молиявий хатоликларга йўл қўйган 139 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилди. Шундан, 99 нафар ходимга ҳайфсан берилди, 3 нафар ходимга нисбатан жарима қўлланилди, 37 нафар ходим эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан айрим олий таълим муассасаларида коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, унга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиш, иш ҳақи, стипендия ва бошқа тўловларнинг тўланиши ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши ўрганилганида, қатор қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.
Масалан, Бухоро давлат университетида 348 млн. сўмлик моддий бойликлар қиммат нархларда харид қилинган, 222 млн. сўмдан зиёд маблағлар эса мақсадсиз сарфланган. 246 млн. сўмдан ортиқ шартномада кўрсатилмаган жиҳозлар сотиб олинган. Қурилиш танловларини ўтказишда 20 млрд.сўмлик танловларда давлат харидларига оид қонун талабларига риоя этилмаган. Бухоро муҳандислик-технология институтида магистрантларга 13.5 млн сўмдан ортиқ стипендия ортиқча тўланган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети эса томонидан ўтказилган 1,1 млрд.сўмлик танловларда давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилган.
Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институтида 137 млн сўмга яқин стипендия, иш ҳақи ва бошқа тўловлар ноқонуний тўланган ҳамда ходимларни рағбатлантиришда ижтимоий адолат ва тенглик принциплари бузилган. Ушбу таълим муассасасида, ходимларни моддий рағбатлантиришда ҳам адолат тамойиллари бузилганлиги аниқланди.
Инновация соҳасига алоқаси бўлмаган техник ходим инновация соҳаси бўйича рағбатлантирилган. Шунингдек, институт академик лицей биносини таъмирлаш бўйича берилган 27 564 865, 000 сўмлик эълон ўрганилганида, қурилиш ишлари аслида бажариб бўлинганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича олий таълим муассасаларига коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритилди. Тўпланган ҳужжатлар прокуратура идораларига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилди.
Олий ва ўрта махсус таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида ишлар давом эттирилмоқда.