Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг лойиҳалар Координатори, БМТ НЖҚКБ Минтақавий вакиллиги, БМТ Тараққиёт Дастури ва Халқаро нодавлат ташкилоти «Минтақавий мулоқот»и билан ҳамкорликда жорий йилнинг 9-14 декабрь кунлари Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган «Ҳафталик медиа марафон»режалаштирилган.
«Ҳафталик медиа марафон» доирасида ўтказиладиган барча тадбирлар давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши ҳуқуқий маданиятини ҳамда аҳоли орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган.
Тадбирлар дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.
«Ҳафталик медиа марафон» доирасида:
– «Ёшлар коррупцияга қарши» республика кўрик танлови доирасида коллеж (лицей) ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг ижодий ишлари кўргазмаси (10 декабрь, «Ёшлар ижод саройи»);
– «Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши сиёсатини амалга оширишда халқаро хамкорлик» мавзусидаги медиа брифинг (10 декабрь куни «Ёшлар ижод саройи»да);
– «Аҳоли орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг роли» мавзусида семинар (11 декабрь куни Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида);
– ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва Республика идоралараро комиссияси аъзолари учун «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва коррупцияга қарши ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш» мавзусида тренинг (12 декабрь куни Бош прокуратура Академиясида);
– халқаро экспертлар иштирокида «Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда амалга оширилган коррупцияга қарши ислоҳотлар: ютуқлар ва устувор вазифалар» мавзусида халқаро конференция (13 декабрь куни «Интерконтинентал» меҳмонхонасида);
– «Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда амалга оширилган коррупцияга қарши ислоҳотлар: ютуқлар ва устувор вазифалар» мавзусида медиа форум (14 декабрь куни «Ёшлар» пресс-клубида);
– «Ёшлар коррупцияга қарши» республика кўрик танловининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими (14 декабрь куни «Ёшлар» пресс-клубида) ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирларда халқаро экспертлардан А.Тимилсин (Сингапур), А.Арутюнова (Сингапур), И.Котетишвили (Туркия), Я.Стрельченок (Латвия), К.Поликарски (Австрия) ва Г.Клеменчичлар (Словения) иштирок этади.