2019 йил 21-23 август кунлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва Бош прокуратура Академияси томонидан БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши кураш» лойиҳаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “2030 йилгача бўлган даврда Глобал ривожланиш кун тартиби доирасида коррупцияга қарши курашиш” мавзусида тренинг ўтказилди.
Бу тадбир БМТ Тараққиёт Дастурининг Осиё-Тинч океани минтақасида тинч ва инклюзив жамиятлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича Глобал лойиҳаси (ACPIS) доирасида ташкил қилинди.
Тадбирда Бош прокуратура, Олий суд, Бизнес-омбудсмен, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Бош прокуратура Академияси вакиллари ҳамда давлат органларининг идоравий мувофиқлаштирувчилари иштирок этишди.
Тадбирда халқаро экспертлар сифатида БМТ Тараққиёт Дастурининг коррупцияга қарши курашиш Глобал Дастурининг маслаҳатчиси Анга Тимилсин, БМТ Тараққиёт Дастурининг Осиё-Тинч океани минтақасида тинч ва инклюзив жамиятлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича Глобал лойиҳаси (ACPIS) раҳбари Аида Арутюнова ва БМТ Тараққиёт Дастурининг коррупцияга қарши курашиш Глобал Дастури бўйича тадқиқотлар соҳаси таҳлилчиси Шарлин Луи маъруза билан чиқиш қилишди.
Уч кун давом этган тренинг 2030 йилгача бўлган даврда Глобал ривожланиш кун тартиби доирасида коррупцияга қарши курашишни амалга оширишга ягона ёндашув зарурлиги масалаларини муҳокама қилиш имкониятини берди.
Тажриба алмашиш билан бир қаторда, халқаро экспертлар ва маҳаллий иштирокчилар ўз билим ва малакалари бўйича иш олиб бордилар, жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда Глобал ривожланиш кун тартиби доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб бориладиган ишлар ҳисоботи ва самарали мониторингига алоқадор кўникмаларга, шунингдек барқарор ривожланиш миллий стратегиялари доирасида коррупцияга қарши интеграция мақсадида соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш ва давлат харидлари тизимида коррупция хавфларини аниқлаш малакаларига эга бўлишди.